Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси янги бинода
17:45 / 2019-11-25

Юртимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.


Юртимизда туризмни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. 

Бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 ноябрдаги “Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида хавфсиз туризмни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори алоҳида ўрин тутади. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, жумладан, Бухоро вилояти ИИБ бошқармаси таркибида ташкил этилган хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг моддий-техник базаси босқичма-босқич мустаҳкамланиб бораётир. Бошқарманинг икки қаватли замонавий биноси фойдаланишга топширилиши ҳам мазкур йўналишдаги ишларнинг узвий давоми бўлди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда туризмнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бораётгани самарасида вилоятнинг сайёҳлик имкониятлари кенгаймоқда, соҳа индустрияси жадал ривожланишда давом этмоқда. Биргина жорий йилнинг ўтган даврида 50 та янги меҳмонхона, оилавий меҳмонхона, меҳмон уйи ташкил этилди. Туристик хизматлар жозибадорлиги оширилиши натижасида сайёҳлар, жумладан, ўлкамиз билан танишишга қизиқувчи хорижликлар сони 2019 йилнинг 10 ойида аввалги йилга қараганда 2,5 бараварга кўпайди.

Таъкидлаш жоиз, юртимизнинг тинч-осойишталиги, жумладан, туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида кўрсатилаётган хизматлар юқори даражада йўлга қўйилгани ҳам сайёҳлар эътиборини тортмоқда.

– Турли соҳавий хизматлардан иборат таркибимиз зиммасига катта масъулият юклатилган, – дейди вилоят ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи, подполковник Эркин Сафаров. – Ходимларимиз сайёҳлар гуруҳларини темир йўл бош бекати ва аэропортда кутиб олиш ҳамда меҳмонхонагача кузатишдан ташқари, уларнинг сайёҳлик йўналишида эмин-эркин ҳаракатланишида ҳамроҳлик қилиш асносида тегишли хизматлар ҳам кўрсатишади. Бухоро шаҳрининг тарихий қисми гавжум жойларида олтита маълумотлар маскани ташкил этилган. Бу ерда меҳмонлар, жумладан, хорижлик сайёҳларнинг тегишли масалалар юзасидан мурожаатларига мувофиқ, обидалар манзилларига боришлари учун маслаҳат ва йўл-йўриқлар берилади, зарурат туғилганда, биринчи тиббий ёрдам ҳам кўрсатилади. Уларга эҳтиётсизликлари оқибатида йўқотиб қўйган ёки унутиб қолдирган буюм, ҳужжат ва бошқа моддий бойликларини тезкорлик билан топиб берган ҳолатларимиз кўп бўлган. Ходимларимиз рус, инглиз ва бошқа тилларни билганликлари сабабли хорижлик меҳмонлар билан бемалол мулоқот қилишади.

Бошқарма шахсий таркибининг энг замонавий енгил автомашиналар, скутер ва мотоциклар билан таъминлангани ходимларнинг ўз хизмат вазифасини тўлақонли бажаришида қўл келаётир.

Замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари уйғунлашган ҳолда барпо этилган ва деворларига Бухоронинг қадимий обидалари нақшланган иншоот хоналарига кирган киши кўҳна шаҳарнинг руҳини сезади. Уларда ходимлар учун барча қулайлик яратилган. Бу ерда хорижий делегацияларни қабул қилиш, тажриба алмашиш, соҳавий тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган алоҳида зал ҳам бор.

Хуллас, янги имкониятлар хавфсиз туризмни таъминлаш борасидаги ишларни янада тезкорлик ва самарали даражада йўлга қўйишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев сўзга чиқди.