Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ таълими вазирлиги хорижий маълумотга эга юқори малакали мутахассисларни раҳбарлик лавозимларига таклиф қилмоқда
20:41 / 2019-11-10

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди. Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, ҳужжатда халқ таълими соҳасидаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Ислоҳотларни амалга ошириш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги мамлакатимиздаги барча мактабларда сифатли таълимни таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни бошлади, дейилади хабарда.

Алоҳида қайд этиш жоизки, мазкур жараёнда белгиланган мақсадларга эришиш учун кадрлар танлови муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда, Халқ таълими вазирлиги чет элда ўқиган юқори малакали ва ташаббускор кадрларни жалб қилиш бўйича иш олиб бормоқда. Сўнгги 16 ой ичида Халқ таълими вазирлиги тизимида чет эл университетларида таҳсил олган қатор мутахассислар ўз фаолиятини бошлаган.

15 га яқин хорижий олий таълим муассасалари битирувчилари вазирликка ишга жалб этилганини кўриш мумкин. Хабарда улар ҳақида қуйидаги маълумот берилган:

- Лойола-Чикаго (АҚШ) университети битирувчиси Мухайёхон Аъзамова ХТВ донорлари ва грантлари билан ишлаш сектори раҳбари вазифасида меҳнат фаолияти юритиб, 50 миллион доллардан ортиқ миқдордаги грантларни жалб қилишга ёрдам берди;

- Рустам Каримжонов, Солбриж (Корея Республикаси) халқаро университети магистри, Халқ таълими вазирлиги қошидаги “Инновация, технологиялар ва стратегия” Марказини бошқарди. Шу билан бирга, Президент мактабларини ишга тушириш лойиҳасига раҳбарлик қилди.

- Хиросима университети магистри Амирулла Абдуллаев ҳам Президент мактабларини яратиш лойиҳасида иштирок этди. Лойиҳа доирасида у мактаб ўқув дастурини тузиш ва ўқитувчиларни танлаш масалаларини кўриб чиқди;

- Шуҳрат Қаюмов - Япония сиёсий тадқиқотлар институти магистри, Халқ таълими вазирлиги Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш марказининг директори. Унинг раҳбарлигида марказ жамоаси таълим соҳасида замонавий ахборот технологияларини, масалан, OpenEMIS, xt.uzedu.uz ва бошқа лойиҳаларни жорий этиш устида ишламоқда.

- ХТВ Мактабларнинг замонавий моделлари ва давлат-хусусий шериклик бошқармаси бошлиғи Сарварбек Садуллаев – М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети (бакалавр) ва Ғарбий Шотландия университетининг магистратурасида таҳсил олган. Аюбхон Султонов (Кардифф Метрополитан университети) ушбу бўлимнинг бош мутахассиси. Улар ҳозирги пайтда халқ таълими соҳасида 60 дан ортиқ давлат-хусусий шериклик лойиҳалари устида ишламоқда. Осиё Тараққиёт Банки билан ҳамкорликда Тошкентнинг Сергели туманида ДХШ орқали мактабларни қуриш ва сақлашга қўшимча инвестицияларни жалб қилиш юзасидан тажриба лойиҳасини амалга ошириш бўйича фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, хорижий олий таълим муассасалари битирувчилари Зухриддин Шодмонов (Миддлсакс университети), Фирдавс Кутлиев (Фульд амалий фанлар университети ҳамда Цюрих университети (тугалланмаган)), Шохзод Садуллаев (Москва молия ва иқтисодиёт институти), Сарвар Бутанов (Сунгсил университети), Жамила Умарова (Шанхай халқаро тадқиқотлар университети), Нурсултон Раҳимов (Буюк Британиянинг Кембриж коллежи), Маъсум Хакимов (Жанубий Хитой технология университети) ҳам вазирлик тизимида фаолият олиб бормоқда. Улар ҳам соҳа ривожига ўз ҳиссасини қўшмоқда, дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик тизимни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқчи бўлган юқори малакали мутахассисларни ишга таклиф этган бўлиб, бундай мутахассисларга ҳар томонлама қулай иш шароитлари яратилиши маълум қилинган.