Халқ қўшиқларида халқона урф-одат ва анъаналар мужассам
Халқимизга хос урф-одат, анъаналарни кенг тарғиб этишда, маънавий тараққиётда фольклор этнографик дасталарнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.
Халқимизга хос урф-одат, анъаналарни кенг тарғиб этишда, маънавий тараққиётда фольклор этнографик дасталарнинг ўрни муҳим аҳамият касб этади.
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги “Ванғози” фольклор этнографик жамоаси 1995 йилда санъат жонкуярлари Музаффар Исматов, Шариф Аҳадов ва Ҳусен Саидовлар ташаббуси билан ташкил этилган. Мазкур жамоа халқ анъаналарини ҳамда ҳудуд тарихи, маданиятини ўз қўшиқлари, ранг баранг рақслари орқали намойиш этиб келмоқда.

Жамоанинг “Зарметан қатиғи”, “Ванғози Муғжин кулчаси”, “Айрончи қиз”, “Усто бобо”, “Халиса”, “Тандирсоз” каби қўшиқларида айнан шу ҳудуд ҳаёти билан боғлиқ анъана ва урф-одатлар тараннум этилади. “Нурли наволар”, “Бахшилар юртни куйлайди” каби фестивалларда ҳамда республика даражасида ўтказиладиган миллий байрамларимиздаги чиқишлари билан жамоа халқ олқишига сазовор бўлиб келаётгани ҳам бежиз эмас, аслида.


