English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ корига ярасанг, меҳр-муҳаббати билан сийлайди
18:52 / 2019-08-27

Йигирма икки йилдан буён ногиронлиги бўлган шахсларнинг қувонч ва ташвишига шерикмиз.


Йигирма икки йилдан буён ногиронлиги бўлган шахсларнинг қувонч ва ташвишига шерикмиз. Бу вақт ичида қанча қийинчилик, синовлар бошимиздан ўтмади дейсиз. Аввалига ишхона учун бино тополмай анча сарсон бўлдик, муҳтожларга ёрдам берамиз, деб туҳмату маломатларга қолган пайтларимизни ҳам яхши эслайман...

Яширмайман, шундай вақтларда ишимдан воз кечиш фикри хаёлимдан ўтган. Лекин доим бир нарса мени тўхтатиб қолган. Бу – дахлдорлик ҳисси. Биз меҳнатларимиз, саъй-ҳаракатларимизни халқимиз ҳаётига, юртимиз ривожига дахлдор деб ҳисоблайман. Агар ҳар ким ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, қийинчилик, машаққатлардан қочса, жамиятда юзага келаётган муаммо ва камчиликлар қачон, қандай ҳал бўлади ахир!?

Ҳозир вилоятимизда 18 минг ногиронлиги бўлган фуқаро бор. Очиғи, улар билан ишлаш осон эмас. Жисмдаги кемтикликнинг юракда ҳам оғриғи бўлади-да. Баъзан уларнинг ўринсиз мурожаати ва эътирозларига ҳам дуч келамиз. Бироқ ҳақ ёки ноҳақ бўлишидан қатъий назар мурожаатчини эшитиш, унга ёрдам кўрсатиш вазифамиз.

Биласизми, жисмоний имконият чекланганлиги – бу чегара эмас. Ногиронлиги бўлганлар худди соғлом инсонлар каби яхши ўй, ширин орзу-умидлар билан яшашга, мақсадлари сари интилишга, фаровон ҳаёт кечиришга ҳақли. Меҳр берилса, эътибор кўрсатилса, қўллаб-қувватланса, бас. Минг шукр, бу борада халқимиз ҳам, давлатимиз ҳам ғамхўр. Вилоятимиз миқёсида шу йилнинг ўзида 20 дан зиёд ногиронлиги бўлган фуқароларга уй-жой ажратилди, 15 нафарига ногиронлик аравачаси, 20 нафарига қўлтиқ-таёқ берилди.

Бу тоифадаги инсонларни ишли, ҳунарли бўлиш масаласи ҳам кўп қийнайди. Шунинг учун уларга мос юмуш топишга, дейлик, сартарошлик, косибчилик, тикувчилик йўналишларида янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Масалан, жамиятимиз қошида “Машҳура – Шерзод” шўъба корхонасини ташкил этдик. Ҳозир бу ерда ногиронлиги бўлган 7 хотин-қиз кўрпа жилдлари, ёстиқлар тикиб, ишига яраша даромад топаяпти. Сайхунобод туманида Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссияси томонидан молиялаштирилган ижтимоий лойиҳалар асосида 10 та, Музрабодда 5 та янги иш ўрни яратилди. Бу каби мисоллар кўп. Албатта, бу рақамлар оз бўлиши мумкин. Лекин унинг ногиронлар ҳаётига олиб кирган қувончи жуда катта.

Тўғри, иш фаолиятимизда ҳаммаси кўнгилдагидек, деб айтолмаймиз. Ўзига яраша камчиликлар, муаммолар ҳам бор. Лекин буларнинг бари Президентимизнинг эътиборидан четда эмаслиги кўнгилни хотиржам қилади. Эътибор бор жойда муаммо ечимсиз қолмайди, меҳнат эса самарасиз кетмайди.

Масалан, ўтган йили давлатимиз раҳбари фармони билан мамлакатимиз фуқаролик жамияти институтлари тарихида илк маротаба “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди. Шахсан мен ҳам бу фахрли нишоннинг илк соҳибаларидан бири бўлдим. Ана шунда машаққатдан қўрқмайдиган, жонини койитишдан чўчимайдиган инсонларнинг меҳнати, хизмати зое кетмаслигига қайта ва қайта ишондим. Ёшим етмишни қоралаяпти. Аммо мана шундай эҳтиромдан ёшариб бораётгандай ҳис қилаяпман ўзимни. Мана, ҳозир ҳам Мустақиллигимиз байрами арафасида жамиятимиз замонавий, кўркам қад ростлаган янги бинога эга бўлишидан жуда қувонаяпман.

Халқ корига ярасанг, у албатта меҳр-муҳаббати билан сийлайди. Ватан тақдирини ўз тақдиринг билиб, чин юракдан меҳнат қилсанг, ҳеч қачон ардоқсиз қолмайсан. Ҳаётнинг паст-баландликларидан, кўрган-кечирганларимдан хулосам шу бўлди.

Муҳаррам АБДУРАИМОВА,
Ногиронлар жамияти Сирдарё
вилояти бўлими раиси.