Халқимиз оқиллиги ва шижоати бизни доим олий мақсадлар сари интилишга ундайди
Бугун мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ёшлар куни мен учун қўшалоқ байрамга айланди.
30 июнь – Ёшлар куни
Бугун мамлакатимизда кенг нишонланаётган Ёшлар куни мен учун қўшалоқ байрамга айланди. Байрам арафасида «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан тақдирландим. Бу менга, мен орқали қўмитамиз ёшларига билдирилган катта ишонч ва рағбатдир.
Тенгдошларим орзу интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга кўмаклашиш мақсадида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши раиси сифатида фаолият олиб боряпман. 111 та тизим ташкилотнинг 2 минг 500 нафарга яқин ходими ёшлар ҳисобланади. Марказий Аппарат ходимларининг эса 40 фоиздан ортиғини шижоатли йигит-қизлар ташкил этади. Улар билан кўплаб истиқболли лойиҳаларни амалга оширдик.
Жумладан, 2018 йил Навоий вилоятида ишлаб юрганимда «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳасини илгари сурган эдик. Вилоятнинг Конимех, Навбаҳор, Нурота туманларида ҳар бир ёшга ижарасиз ва узоқ муддатга бир гектардан ер тақсимлаб берилган. Улар ўша ҳудудда чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик билан шуғулланиши, иссиқхона қуриши учун «Ёшлар – келажагимиз» жамғармасидан пул маблағлари ажратилган. Бу тажриба кейинчалик бошқа вилоятларга ҳам татбиқ қилинди.
Президентимиз ёшларга йўллаган байрам табригида буни алоҳида таъкидлади. «Ҳар бир ёшга – бир гектар» лойиҳаси бўйича барча ҳудудларимизда 65 минг нафарга яқин ёш деҳқонларга 54 минг 232 гектардан зиёд ер ажратилди. Ана шундай муҳим чора-тадбирлар туфайли сўнгги уч йилда 560 минг 200 нафарга яқин ёш иш билан таъминланди.
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасида фаолият юритаётган бир неча ёш кадрлар малакасини ошириш учун Хитой давлатининг Пекин ва Ханчжоу шаҳарларига юборилди. Ёшлар Хитойда ўз малакаларини ошириб, бошқа давлат ёш кадрлари билан тажриба алмашиб қайтди.
Қўмита ёшлари томонидан ҳудудларда «1000 кўчат экиш акцияси» ташкил этилди. Бундан ташқари, Мўйноқ туманида қатор вазирлик, идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида «Меҳр Оролни қутқаради» лойиҳаси ўтказилди. Унда қўмита ёшлари ҳам фаол қатнашди. Минглаб ёшлар Оролнинг қуриган майдонига саксовул кўчатларини экишда фаол иштирок этди.
Бундан кейин ҳам ёшларни зарарли таъсирлардан асраш, доимо ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш учун кўплаб лойиҳаларни амалга ошириш ниятидамиз. Жумладан, жиноятчиликка қарши курашишнинг самарали ечимлари таҳлил қилинмоқда. Бу лойиҳа тез орада ҳаётга татбиқ этилади.
Ёшларимизни она Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларнинг истеъдод ва қобилиятини, эзгу интилишларини рўёбга чиқариш йўлида бошлаган ҳаракатларимиз бундан буён ҳам қатъият билан давом этади. Президентимиз ишончи, халқимизнинг оқиллиги ва шижоати бизни доим олий мақсадлар сари интилишга ундайди.
Фаррух ФАЙЗИЕВ,
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси
бошқарма бошлиғи.