French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқимиз бошига тушган бу синовли кунлардан талафотсиз чиқиш учун давлатимиз қудрати етади
20:39 / 2020-04-23

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ бугунги вазият, бу борада Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.


Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ бугунги вазият, бу борада Президентимиз томонидан белгиланган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.Қўчқоров, молия вазири Т.Ишметов, соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов, Марказий банк бошқаруви раиси М.Нурмуратов, Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов, Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Н.Холиқназаров иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолиси бандлиги масалаларига бағишлаб ўтказган барча йиғилишларида вазиятдан талафотларсиз чиқиш йўлларини айтмоқда, халқимизга мадад бўлиш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатмалар бериб, барчамизни ҳамжиҳатликка чорламоқда. Пировардида, тождор вирус аста-секин чекинмоқда...

– Пандемия қўққисдан, аммо шиддат билан тарқалди, – дейди Ж.Қўчқоров. – 2020 йилги иқтисодий режаларимизда бу ҳисобга олинмаган эди. Шу ўринда Ўзбекистонга бу вазиятнинг таъсири қандай бўлади, деган савол туғилиши табиий. Албатта, иқтисодиётимизга таъсир қиляпти. Лекин жиддий муаммо йўқ. Кейинги йиллардаги ислоҳотлар иқтисодий тараққиётга замин бўлди. Кўрсаткичларимиз яхши ўсиш суръатида эди. Бу мамлакат қудратининг кучайишига олиб келди. Охирги уч йилда олтин захирамиз 3 миллиард долларга кўпайди. ЯИМ бу йил биринчи чоракда 4,1 фоизга ошди. Бу режамиздан бироз паст. Лекин ҳозирги вазиятда яхши кўрсаткич. Йил якунигача иқтисодий ўсиш 1,5-2 фоизни ташкил этиши, инфляция эса ўтган йилгидан пастроқ бўлиши кутилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири айтишича, шифокорлар учун ҳимоя воситалари, касалхоналар қуриш, жиҳозлаш, янги клиникалар, карантин мажмуалари ташкил этиш учун барча манбалар ҳисобидан 3,5 триллион сўм маблағ ажратилди. Ҳозиргача 600 миллиард сўм ҳомийлик ёрдами йиғилди. “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди орқали 72 миллиард сўм маблағ жамланди.

Тадбирда Инқирозга қарши кураш жамғармасининг маблағлари сарфланиши юзасидан ҳам маълумот берилди.

– Биринчи босқичда жамғарма ҳисобида 2 триллион 1 миллиард сўм маблағ шакллантирилди, – деди молия вазири Т.Ишметов. – Шундан 1,5 триллион сўм сарфланди. Бу маблағлар тиббий жиҳозлар, дори-дармон воситалари сотиб олишга, тиббиёт муассасалари қурилишига, тиббиёт ходимларини рағбатлантиришга, аҳоли ижтимоий ҳимоясига, коммунал хизматлар узлуксизлигини таъминлашга йўналтирилди.

Бугунги кунда вирусдан холи ҳудудлардаги бир қатор саноат корхоналари, қурилиш майдонлари, фермер ва кластер хўжаликларида карантин тадбирларига қатъий амал қилган ҳолда ишлар қайта жонлана бошлади. Ҳозирги оғир пайтда аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш учун амалий ишлар бошланди.

– Вазият тадбиркорлар фаолиятига ҳам таъсир қилди, – деди Савдо-саноат палатаси раиси А.Икрамов. – Лекин тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўлида ҳамма чоралар кўрилган эди. Минглаб, ўн минглаб тадбиркорларимиз ўз ихтиёри билан саховат қилмоқчи. Тадбиркорларнинг 3 минг 800 таси ижарада ишлайди. Улар ижара пулини сентябргача тўламайди. Агар уларга йил охиригача шундай имконият берилса, уч ой давомида 20-30 оилани озиқ-овқат билан таъминлашга имконияти бўлади.

– Юртимиз тадбиркорлари қийин вазиятда четда турмайди, – деди тадбиркор Зафар Ҳошимов. – Айтилмаётган бўлиши мумкин, лекин хайрия қилиняпти. Биз 3 йилда фаолиятимизни 3 баробарга ўстирдик. Демак аҳолига ёрдам бериш имкониятимиз ҳам кенгайди. Карантин бошлангандан буён 520 иш ўрни яратдик. Дўконларимиз жойлашган ҳар бир маҳаллада 20 тадан хонадонга ёрдам беришни режалаштирдик.

– Бошланаётган Рамазон ойи олдидан бундай хайрли ишлар, саховат йўлидаги саъй-ҳаракатлар муҳим аҳамият касб этади, – деди Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Н.Холиқназаров. – Бу борада ҳадисларда кўплаб ибратли гаплар келтирилган. Аслида ҳаётда барча орзуларимизга эришиб, ўзимизни тиклаб олганимизда ота-онамиз оламдан ўтиб кетган бўлади. Шундай пайтда "қани эди ота-онам бўлганида, уларга дунёларни берган бўлар эдим" дея афсус қилади киши. Кўпчиликда шундай армон бор. Агар биз эҳтиёжмандларга қўлдан келганча ёрдам берсак ва савобини ота-онамизга бағишласак, уларнинг руҳи ҳам шод бўлади. Илгарилари ўтказилган ифторлик маросимларида жуда исрофгарчилик бўлган. Шундай дабдабали йиғинларни бугун эсласак уяламиз. Чунки ўша харажатларга ҳозир қанчадан қанча инсонлар қорнини тўйдирса бўлар эди. Савоб ишни фақат мусулмон бўлганимиз учун эмас, балки Ватанимиз равнақи учун ҳам қилиш фуқаролик бурчимиздир.

Халқаро пресс-клуб сессиясида хулоса шу бўлдики, халқимиз бошига тушган бу синовли кунларни енгиш, вазиятдан барқарор чиқиш учун давлатимиз қудрати етарли.