Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ дипломатияси – миллий манфаатларни тарғиб қилишнинг қулай воситаси
19:37 / 2019-11-28

Тошкентда 28 ноябрь куни “Халқ дипломатияси – миллий манфаатларни илгари суришнинг стратегик омили” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.


Тошкентда 28 ноябрь куни “Халқ дипломатияси – миллий манфаатларни илгари суришнинг стратегик омили” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ўз фаолиятида ШҲТга аъзо давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланади. Марказ қисқа вақт ичида кўплаб маҳаллий ва хорижий ташкилотлар билан йўлга қўйилган муносабатларни изчил ривожлантирмоқда. “Тараққиёт стратегияси” маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, ШҲТ Хитой яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати сингари тузилмалар билан бирга мунтазам қўшма тадбирлар ўтказиб келади.

Халқ дипломатияси институти миллий манфаатларни тарғиб қилиш ва халқаро муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Турли мамлакатлар, халқлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш мақсадини кўзлайдиган ташаббуслар миллий манфаатларни ҳисобга олган ҳолда, халқларни бирлаштиришга кўмаклашади.

Кейинги вақтда халқ дипломатияси халқаро муносабатларни яхшилашда муҳим омиллардан бирига айланди. Бу жараёнга жамоат бирлашмалари, халқаро нодавлат ташкилотлари фаол жалб этилган, қардош шаҳарлар даражасида ҳамкорлик олиб борилмоқда. Турли йўналиш ва мавзуларда ижтимоий-сиёсий акциялар ўтказилмоқда, ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда. Буларнинг бари мамлакатларнинг кўп томонлама алоқаларини кенгайтиришга қаратилган.

– Биз олдимизга қўйилган мақсадлардан келиб чиқиб, фаолиятимиз доирасида нафақат давлат идоралари, балки нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳам ҳамкорликда ишлаймиз, – деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси катта маслаҳатчиси Ханс-Улрих Им. – Хусусан, Ўзбекистонда қарийб бир йилдан буён фаолият юритаётган ШҲТ Халқ дипломатияси маркази ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. 

Маълумки, Халқ дипломатияси маркази фаолиятининг қамрови кенг. Тадбирда парламентлар ҳамкорлиги, ҳудудлар, миллатлараро муносабатлар, ёшлар ташкилотлари, маданий дипломатия, таълим сингари ранг-баранг йўналишларни биргаликда ривожлантириш масалалари атрофида мунозаралар бўлди. 

Тадбир давомида халқ дипломатиясининг муҳим йўналишларидан бири сифатида парламент дипломатиясига алоҳида эътибор қаратилди. Давлатлараро муносабатларда муҳим ўрин тутувчи парламентлараро муносабатларнинг фаоллашуви ҳар бир халқ манфаатини инобатга олиши, халқлар ўртасида дўстлик ва ўзаро бир-бирини тушунишга йўналтирилган миллий маданият марказлари ва жамиятлари фаолияти доирасида олиб борилаётган ҳаракатлар аҳил қўшничилик муносабатларини ўрнатишга хизмат қилиши қайд этилди.

Иштирокчилар тадбир якунлари бўйича миллий манфаатларни тарғиб қилишнинг муҳим ва қулай воситаси сифатида халқ дипломатияси институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш зарурлиги хусусида якдил фикрга келишди.