Халқ дипломатияси халқларни бирлаштиришда муҳим жиҳат
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида кенг жамоатчилик, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида кенг жамоатчилик, мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази фаолиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нур-Султон шаҳрида 2017 йил июнь ойида ўтган ШҲТ саммитида Халқ дипломатияси марказларини тузиш ташаббусини илгари сурган эди. Шундай марказ биринчи бўлиб Ўзбекистонда, жорий йил бошида иш бошлади.
ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази фаолияти бир қатор соҳаларни қамраб олган. Марказ ташкилотга аъзо давлатлар халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантириш мақсадида соғлиқни сақлаш, спорт, туризм соҳалари, шунингдек, қардош шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш каби кўплаб йўналишларда иш олиб боради. Фуқаролик жамияти ва хорижий мамлакатлар вакиллари билан ҳамкорлик алоқаларида халқ дипломатияси механизмларидан самарали фойдаланиб келмоқда.
Тошкентда жорий йил март ойида “Дунё болалар нигоҳида” халқаро расмлар кўргазмаси ўтказилди. Бу марказ томонидан ташкил этилган кенг кўламли илк тадбирдир. Унда ШҲТга аъзо мамлакатлар ёшлари ўзларининг ватанпарварлик, тинчлик, юртга муҳаббат туйғулари тасвирланган 700 дан зиёд ижод намуналари билан иштирок этди. Кўргазманинг муваффақиятли намойиши апрель ойида Пекин шаҳридаги Аёллар ва болалар музейида ҳам давом этди.
Шунингдек, марказ ташаббуси билан 21-22 март кунлари Шаҳрисабз шаҳрида дунёнинг 7 давлатидан келган дизайнерлар иштирокида “Миллий либослар“ II фестивали, май ойида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Халқ хотираси – муқаддас!” мавзусида фотокўргазма ва кинофильмлар намойиши, Тошкентда Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ва Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданияти маркази билан ҳамкорликда “Йога барча учун” шиори остида йога кунлари, 24-27 июль кунлари бўлиб ўтган “Youth techno art” халқаро фестивали доирасида “ШҲТ мамлакатлари илм-фан ва техника олами” халқаро танловлари ташкил этилди.
Марказ бугунги кунда Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон каби давлатлардаги жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантирмоқда. “Тараққиёт стратегияси” маркази, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Хитойнинг Яқин қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик қўмитаси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланди.
– Йил якунига қадар яна кўплаб халқаро тадбирлар ўтказиш режалаштирилган, – дейди ШҲТнинг Ўзбекистондаги Халқ дипломатияси маркази директори Раҳматилла Назаров. – Хусусан, яқин кунларда Тошкент давлат шарқшунослик институтида ҳиндистонлик мутахассислар иштирокида Маҳатма Ганди фалсафаси ва халқ дипломатияси масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилади. Шунингдек, Тошкентда “ШҲТ хиёбони”, ШҲТ кутубхонасини ташкил қилиш ниятидамиз. “Саккиз халқдан саксон саккиз ҳикмат”, “Саккиз халқнинг 80 мутафаккири” ва “Саккиз халқдан 8 минг мақол ва ҳикмат” деб номланган китоблар чоп этиш ҳам кўзда тутилган.
ШҲТ ўз сафида аъзо мамлакатлардан ташқари кузатувчи ва ҳамкорлардан иборат, жами 18 давлатни бирлаштирган. Марказ келажакда мана шу давлатларнинг жамоат ташкилотлари билан муносабатлар ўрнатиш, ҳамкорликни ривожлантиришни мақсад қилган.
Матбуот анжумани якунида халқ дипломатияси фаолиятини оммалаштириш, халқ дипломатияси механизмларидан ШҲТ мамлакатлари халқларини янада яқинлаштиришда фойдаланиш каби масалалар юзасидан таклифлар билдирилди.