Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг сессияси
16:24 / 2016-12-25

2016 йил 25 декабрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

2016 йил 25 декабрь куни халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Навоий вилояти ҳақида гап кетганда, аввало, унинг меҳнаткаш халқи, ер ости ва ер усти бойликлари, улкан салоҳияти кўз олдимизда намоён бўлади, деди Президентимиз. Мамлакатимизнинг йирик саноат ҳудуди ҳисобланган ушбу вилоятда кончилик, металлургия, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, пахта тозалаш, озиқ-овқат саноати изчил ривожланмоқда.

Жорий йилнинг тўққиз ойида ялпи ҳудудий маҳсулот қарийб 7 миллиард 440 миллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 5,9 фоизга ошди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,2 фоиз, истеъмол товарлари 14,8 фоиз, қишлоқ хўжалиги 6,7 фоиз, қурилиш ишлари 11,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 15 фоиз, жами кўрсатилган хизматлар 15,5 фоизга ўсиши таъминланди.

Вилоятда ҳудудий корхоналар томонидан жами 43 миллион долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 17 корхонада 57 лойиҳа бўйича тайёр маҳсулот ҳамда материаллар, бутловчи қисм ва деталлар ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, 9 ойда 47 миллиард 600 миллион сўмлик маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Ҳозирги кунда вилоятда 17 йирик саноат корхонаси фаолият кўрсатмоқда. Навоий кон-металлургия комбинати, “Навоийазот”, “Қизилқумцемент”, “Навоий иссиқлик электр станцияси” акциядорлик жамиятлари ва “Электркимёзаводи” қўшма корхонаси шулар жумласидандир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 18 корхона фаолияти самарали йўлга қўйилган бўлиб, улар томонидан 100 дан ортиқ турдаги рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.

Навоий вилоятининг меҳнаткаш халқи доимо илғорлар сафидан муносиб ўрин эгаллаб келган, деди Шавкат Мирзиёев. Буни кейинги йилларда вилоятда эришилаётган улкан ютуқ ва марралар мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоятнинг бундай улкан салоҳияти эътиборга олинган ҳолда, энг муҳими, аҳолининг тобора ўсиб бораётган талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, вилоятда мавжуд ресурс ва имкониятлардан янада самарали фойдаланиш борасида қилинадиган ишлар кўплиги алоҳида таъкидланди.

Сессияда бандлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бунда аҳоли, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш, замонавий иш ўринлари яратиш давлатимиз, бутун жамиятимизнинг диққат марказида туриши лозим.

Давлатимиз раҳбарининг Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида аҳоли мурожаатлари билан ишлашда сифат жиҳатидан мутлақо янги тизимга ўтиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада биринчи навбатда раҳбарлар – бу вазирлик ва идоралар раҳбарлари бўладими, вилоят, шаҳар, туман ҳокимлари бўладими – барчаси ўз зиммасига катта масъулият юклатилганини унутмаслиги лозим.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тавсиясига биноан Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган Қобул Турсунов Навоий вилояти ҳокими этиб сайланди.

«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Навоий вилояти бўлими раиси Нормурод Исоқов, Конимех туманидаги "Канимех тани" газетаси мухбири Хонимгул Норбоева, “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси музейи директори Ольга Сашина ва бошқалар Президентимиз нутқида баён этилган фикрлардан зарур хулосалар чиқариб, кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этиш, вилоят аҳли олдида турган долзарб вазифаларни бажариш, ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш учун Навоий вилояти аҳолиси астойдил меҳнат қилади ва кўзланган марраларга албатта эришади, деб таъкидлади.

   *                   *                   *

Шу куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Навоий кон-металлургия комбинати ва "Навоийазот" акциядорлик жамиятининг истиқболдаги режалари билан танишди. 

Давлатимиз раҳбари  "Навоий" эркин иқтисодий зонасида ҳам бўлиб, бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни кўздан кечирди. Мазкур иқтисодий зона фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.