Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди
10:16 / 2019-09-24

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши видеомулоқот шаклида бўлиб ўтди.


Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия Қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши видеомулоқот шаклида бўлиб ўтди.

Йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига жорий йил декабрь ойида ўтадиган сайловларда партиянинг муносиб иштирокини таъминлаш вазифалари муҳокама этилди.

Ижроия қўмита йиғилишини Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов очиб берди ва сайловнинг ижтимоий-сиёсий аҳамияти, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловда иштироки тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидландики, мамлакатимизда демократик ислоҳотларнинг чуқурлашиши, сайлов жараёнларини тартибга солувчи қонунчилик янада такомиллашиши сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг шаклланиши ҳамда аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортишига кенг йўл очди.

Бу эса сиёсий партиялардан фаолиятини кучайтириб боришни, мамлакатни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишда уларнинг ролини кенгайтиришни талаб этади.

Сайлов кампаниясининг ҳар бир босқичида масъулият билан иштирок этиш, аввало, жамоатчиликка, партиямиз электорати вакилларига партия ташкилотлари ҳамда депутатлари томонидан қилинаётган амалий ишлар тўғрисида ахборот бериб бориш муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев партиянинг сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплаш ишларини ташкил этиш тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси Х.Ешимбетов, Қашқадарё вилоят кенгаши раиси О.Равшанов, Фарғона вилоят кенгаши раиси Д.Мамаджонова, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Т.Норбоев, Марказий Кенгаш раиси ўринбосари М.Дархонов, Марказий Кенгаш раиси ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси М.Ворисова, иқтисод фанлари доктори, профессор Ш.Абдуллаева, “Ўзбекистон овози” ва “Голос Узбекистана” газеталари Бош муҳаррири С.Остонов ҳамда Ижроия қўмитанинг бошқа аъзолари кун тартибидаги масалалар юзасидан муҳим фикр-мулоҳазалари, таклифларини билдирди.

Ҳаёт ва ислоҳотлар шиддати жуда юқори экани, халқимиз сиёсий партиялардан қатъий ташаббуслар ва доимий фаоллик кутаётгани таъкидланди. Бу галги сайловларга чуқур масъулият билан, ҳар томонлама пухта тайёрланиш кераклиги таъкидланди.

Ижроия қўмита йиғилишида Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига 2019 йил 22 декабрда бўладиган сайловларда иштирок этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Сайлов кампанияси жараёнида партия ташкилотлари томонидан олиб бориладиган ташкилий ва мафкуравий вазифалар белгиланди.

Шунингдек, Ижроия қўмита йиғилишида ЎзХДПнинг навбатдаги XI Қурултойини чақириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига партиядан номзодлар кўрсатилади ва партиянинг Сайловолди платформаси қабул қилинади.

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати