Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқчил демократик ислоҳотлар – ютуқларимиз омили
15:00 / 2020-08-27

Бугун кўпни кўрган халқимиз пандемия туфайли юзага келган оғир ва синовли кунларни матонат билан енгиб ўтиб, ана шу эзгу ғоя атрофида янада жипслашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига

“Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!”. Бугун кўпни кўрган халқимиз пандемия туфайли юзага келган оғир ва синовли кунларни матонат билан енгиб ўтиб, ана шу эзгу ғоя атрофида янада жипслашмоқда. 

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан эълон қилинган ушбу шиор эришган ютуқларимиздан ғурурланиш билан бирга, мамлакатимиз равнақи учун масъулликни ошириш, юрт келажаги ва гуллаб-яшнаши учун бефарқ бўлмасликка ундайди.

Ватанимиз мустақил тараққиёт йўлига чиққанидан кейин мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришдик. Ўтган давр мобайнида янги авлод камолга етди. Эътиборлиси, халқимизда юрт равнақи учун дахлдорлик туйғуси ўсди. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шунингдек, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Ёшлар – келажагимиз”, “Беш ижобий ташаббус” каби муҳим дастур ва режалар доирасида олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда. Бунга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

Айниқса, кейинги тўрт йилда халқимиз ҳаёти ва дунёқарашини тубдан ўзгартириб, жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз обрў-эътиборини ошириб юборган кўплаб ислоҳотлар қилинганини кўриш мумкин.

Аввало, минтақадаги давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатлари йўлга қўйилди, чегаралар очилиб, янги назорат-ўтказиш пунктлари ташкил этилди, фаолияти тўхтатиб қўйилганлари қайта ишга туширилди, ўтказиш сиғими оширилди, аҳолига қўшимча қулайликлар яратилди. Марказий Осиё мамлакатлари билан оғриқли масалалар ҳам конструктив мулоқот усулида бирма-бир ўз ечимини топмоқда. Шу пайтга қадар яқин қўшниларимиз билан қанчалик зиддиятга бориб, боши берк кўчага кириб қолганимизни билган билади, билмаган йўқ. Аммо бугун қардошлик ришталари тикланиб, ўртадаги музлар эритилди, кўплаб муаммолар барҳам топди. Умуман айтганда, Ўзбекистоннинг халқаро муносабатларида янги саҳифа очилди, десак тўғри бўлади.

Иқтисодий ислоҳотлар ҳақида гап кетганда, туризмнинг ривожланиши, солиқ тизимидаги янгиланишлар, валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилиши, банк-молия соҳасидаги ўзгаришлар, халқаро молия операцияларининг жаҳон андозалари асосида амалга оширилишини ишонч билан тилга олиш мумкин.

Жаҳон банки томонидан юритиладиган “Doing business” рейтингида бугун Ўзбекистон ўрни кескин кўтарилиб бораётганини ҳам кези келганда эътироф этиш жоиз. Жумладан, мамлакатимиз 2018 йили 190 мамлакат орасида 66,32 балл билан 74-ўринни эгаллаган ва 13 та поғонага юқорилаган бўлса, 2019 йили 67,4 балл тўплаб, нуфузи янада ошди. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ Ўзбекистонда йилдан-йилга бизнес фаолиятини юритиш осонлашиб, бюрократик тўсиқлар камайиб бораётганидан далолат эмасми!?

Узоқ йиллар тўпланиб қолган ижтимоий муаммолар амалий ечим топа бошлагани ҳам халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашида жуда муҳим омилдир. “Бош мақсадимиз – халқимизнинг розилиги”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак” каби ҳаётбахш ғояларга асосланган ҳолда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини тўлиқ таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси халқ хоҳиш-иродаси, эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда яқин истиқболга мўлжалланган тараққиётни белгиловчи дастуриламал бўлганини алоҳида таъкидлаш лозим. Мазкур ҳужжатда асосий эътибор “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” концепцияси қоидаларини мужассамлаштирган ҳолда давлат ва жамият қурилишидаги туб ўзгаришларга қаратилди ҳамда давлат бошқаруви соҳасидаги янгиланишлар парламент фаолиятини чуқур ислоҳ қилишдан бошланди.

Биринчи навбатда, парламент ва сиёсий партияларнинг роли янада кучайтирилганини таъкидлаш жоиз. Сенатор ва депутатлар қонун лойиҳаларини кўриб чиқиш билан чекланиб қолмай, балки жойларга чиқиб, халқнинг турмуш даражасидан хабардор бўлиш, одамларни қийнаётган муаммоларни тизимли таҳлил қилиш ва ҳал этишда бевосита қатнашиши белгиланди. Миллий парламентнинг ижро ҳокимияти фаолияти устидан назорат олиб бориш бўйича ваколатлари кенгайтирилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчил такомиллаштирилиб, модернизация қилиб борилмоқда. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини оширмоқда. Хусусан, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи автоматлаштирилган тизим ишга туширилиши “Doing Business” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеи йил сайин кўтарилишига хизмат қилмоқда.

Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилгани эса ислоҳотларнинг моҳиятида “Инсон ва унинг манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя мужассамлигини яққол намоён этди. Бугунги кунга келиб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги Халқ қабулхоналари аҳоли билан бевосита мулоқотни, жойларда юзага келадиган муаммоларни тезкор ҳал этиш, камчиликларни бартараф қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашни таъминламоқда. Президентнинг Халқ қабулхоналари муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишнинг фаол тизимига ўтди.

Мамлакатимизда инсон омилининг бирламчи эканлигини пандемия даврида ҳукуматимиз томонидан қилинган ишлар ҳам яққол кўрсатиб турибди. Пандемия шароитида ўтган вақт мобайнида халқимиз саломатлиги учун барча моддий ва маънавий ресурслар ишга солингани айни ҳақиқат. Мисол учун, соғлиқни сақлаш соҳасига давлат бюджетидан 8 триллион 71,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилганининг ўзиёқ фикримиз тасдиғидир. Ушбу маблағлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,7 фоизга кўп демакдир. Бундан кўзланган мақсад битта. У ҳам бўлса биринчи галда инсон қадр-қимматини жойига қўйишдир.

Таъкидлаш жоизки, Инқирозга қарши курашиш жамғармасида 1 июль ҳолатига жами 7 триллион 442 миллиард сўм маблағ шакллантирилган ва шу кунга қадар жамғарма маблағлари ҳисобидан 5 триллион 553 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 2020 йил давлат бюджети биринчи ва иккинчи даражали бюджет тақсимловчилар кесимида шакллантирилган.

Шу ўринда яна бир гап. Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очилди, инвестиция муҳити яхшиланиб, сармоя киритиш кафолатлари кучайтирилди. Натижада бугун мамлакат ялпи ички маҳсулотининг қарийб 57 фоизи кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига тўғри келаётган бўлса, ишга яроқли аҳолининг 82 фоизи ушбу жабҳада хизмат қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиздаги ортга қайтмайдиган ва муқаррар тус олган бугунги халқчил демократик жараёнлар Мустақиллик берган энг катта неъмат десак, муболаға бўлмайди. Айнан истиқлол туфайли янги Ўзбекистоннинг янги қиёфаси кўз ўнгимизда, айнан бизнинг иштирокимизда – халқимиз билан бирга яратилмоқда.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари