Халқ банки: Оилавий тадбиркорликка қайси вилоятларда қизиқиш юқори?
Бугунги кунда аҳолини айниқса, оилаларни иш билан таъминлаш долзарб масалага айланмоқда.
Бугунги кунда аҳолини айниқса, оилаларни иш билан таъминлаш долзарб масалага айланмоқда. Унинг ечимини топишда «Оилавий тадбиркорлик»ни ривожлантириш давлат дастури ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даврида Халқ банки 21 мингдан ортиқ лойиҳага 647,5 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратди. Натижада қарийб 23 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланди. Йил охирига қадар оилавий тадбиркорлик учун 1 триллион 352 миллион сўмлик кредит ажратиш белгиланган.
Бу ҳақида Миллий матбуот марказида ўтказилган «Ҳар бир оила – тадбиркор», хотин-қизлар бандлиги ҳамда «Ёшлар – келажагимиз» Давлат дастурлари ижроси доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар” мавзусидаги анжуманда қайд этилди.
Президентимизнинг 2019 йил 24 октябрдаги «Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан тижорат банклари тадбиркорлик субъектлари ва жисмоний шахсларга ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик, иссиқхона, мева-сабзавотчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик, паррандачилик ва бошқа шу каби қатор соҳаларга имтиёзли кредитлар ажратмоқда.
- Юртимизда жорий қилинган карантин вақтида ҳам кредитлар ажратилиши тўхтаб қолгани йўқ, - дейди банк департаменти директор ўринбосари Шерзод Хўжанов. – Қисқа фурсатда 19 мингдан кўпроқ лойиҳага 550,5 миллиард сўм миқдорида кредит ажратилди ва кўплаб инсонларнинг бандлиги таъминланди. Айнан хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларни бизнес фаолиятига кўмак кўрсатишга катта эътибор қаратилаётир. Мисол учун, 2019 йилда сал кам 37 минг нафар тадбиркор аёлга 615,2 миллиард сўм кредит ажратилди. Натижада 36 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилиб, бюджетга 1,2 миллиард сўмлик солиқ тушумлари тушди.
Агарда вилоятлар кесимда кузатадиган бўлсак, кўпроқ, водий вилоятлари, Қашқадарё ва Самарқанд аҳолиси бундай кредитлардан кўпроқ фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилда Халқ банки хотин-қизлар тадбиркорлигини ва уларнинг бизнес фаолиятини қўллаб-қувватлаш билан бирга «Ёшлар – келажагимиз» дастурига ҳам эътибор қаратмоқда. Бу борада Халқ банки 214 та лойиҳага 55,2 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратди.
Қайд этиш керакки, Халқ банки аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, тадбиркорларнинг истиқболли лойиҳаларни рўёбга чиқариш, мижозлар талабини қондириш йўлида барча имкониятларни ишга солмоқда.