Халқ банки логотипи ва корпоратив рангини ўзгартирди
Халқ банкидан яна бир янгилик. Банк ўзининг логотипи ва корпоратив рангини янгилади.
Халқ банкидан яна бир янгилик. Банк ўзининг логотипи ва корпоратив рангини янгилади.
Банкнинг янги логотипи Aмир Темур узугидан андоза олинган ҳолда ишлаб чиқилган. Унда унсурлар кучи, давлатнинг қудрати ва халқимиз ҳаётига хизмат қилишга интилиш мақсади мужассам. Логотипдаги олтин ранг бойлик ва ишончлиликни, яшил ранг эса банкнинг барқарорлиги ва шиддат билан ўсаётганидан дарак беради.
Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес марказида ўтказилган брифинг айни шу янгилик ҳақида бўлди. Унда Халқ банки раҳбарияти ва мутахассислари банкнинг янги логотипи ва корпоратив ранги янгиланиши – ребрендинг қилиниши юзасидан иштирокчиларга маълумот берди.
Халқ банки бошқаруви раиси ўринбосари Бахтиёр Атамуродовнинг сўзига кўра, бугунги кунда соҳада катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Булар эса Ўзбекистоннинг янги тарихидан улкан ўзгаришлар сифатида ўрин олади. Бундай ўзгаришлар жараёнида ушбу банк ҳам ўз ҳиссасини қўшишни мақсад қилган.
Халк банки Ўзбекистон молия тизимининг муҳим бўғинидир. Бугун унинг таркибида 198 филиал, 30 мини-банк ва 900 га яқин жамғарма ва махсус касса фаолият кўрсатмоқда. Халқ банки тизимида жисмоний шахсларга янада сифатлироқ хизмат кўрсатиш мақсадида микроқарз, юқори фоизли омонатлар, нафақа-овердрафти, кобрендинг, кобейжинг ва кредит карталари каби бир қатор янги маҳсулотларни жорий этмоқда.
– Банк 16 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатиб келмоқда, – деди Банк бизнесини ривожлантириш маркази раҳбари Шоҳруҳ Сиддиқов. – Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида кечаю кундуз хизмат кўрсатиш марказлари барпо этилмоқда. Пластик карталарга масофадан туриб хизмат кўрсатиш учун айни пайтда 500 дан ортиқ банкомат ва инфокиоск фаолияти йўлга қўйилган. Банк томонидан йил охирига қадар яна 1000 га яқин банкомат олиб келиниши режалаштирилган. “XALQ MOBILE” мобиль иловаси эса жисмоний шахсларга масофадан туриб турли банк амалиётларини бажариш имкониятини бермоқда. Яна мижозларга қўшимча қулайликлар яратиш, банк хизматлари оммабоплигини ошириш ҳамда уларни оптималлаштириш мақсадида 300 дан ортиқ банк хизматлари офисини очиш режамиз бор.
Реклама ҳуқуқи асосида