Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонун маъқулланди
12:58 / 2020-09-11

Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.


Олий Мажлис Сенатининг еттинчи ялпи мажлисида “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Иқтисодиётнинг глобаллашуви янада чуқурлашаётган, хўжаликлараро алоқалар ривожланаётган ҳамда халқаро даражаларда қонунчилик бирхиллаштирилаётган айни шароитда халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил ва суд маҳкамасидан ташқари шакли сифатида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, шунингдек, хорижий инвесторлар, миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш зарурияти туғилди.

Мазкур Қонуннинг қабул қилинишидан кўзланаётган асосий мақсад – низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини оширишдир.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши Ўзбекистон низоларни муқобил ҳал қилиш усули ҳисобланган фуқаролик жамиятининг муҳим институти сифатида арбитраж муҳокамаси институтини ривожлантириш, ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, ташқи иқтисодий шартномалардан келиб чиқадиган низоларни кўришда муддатлар ва харажатларни қисқартиришни таъминлашга имкон яратади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди ва эълон қилинган кундан олти ойдан кейин кучга киришини инобатга олиб, мутасадди идораларга уни кенг тарғиб қилиш ва тўлиқ ишлаб кетиши учун зарур механизмларни ишлаб чиқиб, жорий қилиш вазифаси топширилди.