Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон мавқеини юксалтиришнинг муҳим жиҳатлари
15:20 / 2020-08-25

Фармонга асосан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.


Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ижобий обрўсини шакллантириш, халқаро рейтинглардаги ўрнини холис ва ҳаққоний баҳолашни таъминлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, иқтисодий фаолиятда эркинликни таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги моддий ва процессуал нормаларни такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинг ва индекслардаги кўрсаткичлари ошишига сабаб бўлмоқда.

Жумладан, сўнгги тўрт йил мобайнида мамлакатимиз Мерос жамғармасининг «Иқтисодий эркинлик» индексида 52 поғонага, Жаҳон банкининг «Логистика самарадорлиги» индексида 19 поғонага, «Бизнес юритиш» индексида 18 поғонага кўтарилди.

Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг «Мамлакатларга хос хатарларни таснифлаш» тизимидаги 6-гуруҳ мамлакатлари қаторидан 5-гуруҳ мамлакатлари қаторига кўтарилди. Жорий йил 23 январда халқаро “Transparency International” коррупцияга қарши ташкилоти 2019 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексини эълон қилди. Ўзбекистон рейтингдаги 180 ўриндан 153-поғонани эгаллаб, 2018 йилдагига нисбатан 5 та ўринга юқорилади.

2012 йилдан бошлаб “Transparency International” рейтингида фақат 20 мамлакат, жумладан, Эстония ва Кот-д'Ивуар сезиларли даражада яхшиланган бўлса, 16 мамлакат рейтинги, жумладан, Австралия, Мальта ва Чили кўрсаткичлари сезиларли равишда пасайган. Ўзбекистон кўрсаткичлари 6 поғонага кўтарилган.

“Transparency International”нинг 2019 йилдаги ҳисоботида назорат институтларига кучли сиёсий таъсири, суд ҳокимиятининг мустақил эмаслиги ва матбуот эркинлигининг чекланганлиги минтақадаги кўплаб мамлакатларда ҳокимиятнинг ҳаддан ташқари кучайишига олиб келгани таъкидланган. Ташкилот экспертлари фикрича, агар сиёсий раҳбарлар ижтимоий манфаатларга устувор аҳамият бериб, шаффофлик намунасини кўрсатса, коррупцияга қарши самарали курашиш мумкин.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, рейтингни юритишдан кўзланган асосий мақсад баҳоланадиган мамлакатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимларининг коррупцияга нисбатан сезувчанлик (қабул қилиш) даражасини сифатли ва миқдорий маълумотлар асосида аниқлашдан иборат.

Шу билан бирга, давлат бошқаруви сифатини баҳолаш, коррупцияга мойил бўлган жойларни аниқлаш, бизнес тузилмалар фаолиятига давлат аралашувининг даражасини аниқлаш, коррупцияга қарши амалиётлар тўғрисидаги ахборотнинг мавжудлигини таъминлаш, сармоядорларга иқтисодий ва сиёсий хавфлар, қонун устуворлиги тўғрисида ахборот бериш, жамоатчилик, мансабдор шахсларни коррупциявий жиноятларга бўлган мойиллик даражасини, аҳолининг давлат муассасаларига бўлган ишончини аниқлаш мамлакатни баҳолаш бўйича аниқ мақсадлар сирасига киради.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг “Transparency International” «Коррупцияни қабул қилиш индекси» халқаро рейтингидаги ўрнини яхшилаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган тадбирларнинг ҳуқуқий пойдевори яратилмоқда.

Жумладан, Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш, миллий қонунчиликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ислоҳотлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, давлат органлари ва ташкилотларида халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлашнинг янги механизмларини жорий қилиш мақсадида 2020 йил 2 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасининг Халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида улар билан тизимли ишлашнинг янги механизмини жорий қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тузилиши ҳамда уни коррупциянинг даражасини баҳоловчи Коррупцияни қабул қилиш миллий индексини тузишга масъул этиб белгиланиши бу борадаги ислоҳотлар ривожида янги босқични бошлаб берди.

Фармон билан, агентликка Адлия вазирлиги, Бош прокуратура ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг коррупцияга қарши курашиш соҳасида халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилишини ҳамда Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгашига киритилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.

Таҳлиллар, мазкур рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш учун, энг аввало, республикада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, хусусан хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлаш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортган ҳолда жазо муқаррарлигини таъминлаш, коррупция, айниқса маиший коррупцияга қарши кураш тизими самарадорлигини ошириш, шунингдек, халқаро нодавлат ташкилотлари билан мустаҳкам алоқаларни ўрнатиб, пировардида республикада олиб борилаётган ислоҳотлар ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан ўзаро самарали маълумот алмашинувини йўлга қўйиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Давлатда ўтказилаётган сайловларнинг ошкора равишда ташкил этилмаганлиги, олиб борилаётган ислоҳотларга нодавлат секторнинг кенг жалб этилмаганлиги, давлат идораларида ханузгача ўз ҳукмронлигини суриб келаётган таниш-билишчилик ришталари, сўз эркинлигининг қаттиқ назоратга олинганлиги, шахсий мулк дахлсизлиги давлат томонидан етарли даражада кафолатланмаганлиги каби ҳолатлар Ўзбекистон ўрнини яхшилашга тўғаноқ бўлиб тургани халқаро индексларда ўз аксини топмоқда.

Индекснинг мақсади баҳоланадиган мамлакатларнинг сиёсий ва ҳуқуқий тизимларининг коррупцияга нисбатан сезувчанлик даражасини сифатли ва миқдорий маълумотлар асосида аниқлаш ва мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги тўғрисида ўзининг хулосасини беришдан иборат. Шу маънода, Ўзбекистон Республикасининг халқаро индекслардаги ўрнини яхшилаш халқаро майдонда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.

Коррупцияга қарши самарали кураш тизимини яратиш учун, аввало, унинг замонавий шароитда намоён бўлишига ёрдам берадиган асосий омиллар (сиёсий, иқтисодий, маънавий, ижтимоий ва бошқа)ни аниқлаш зарур.

Соҳага оид қонунларнинг номукаммаллиги, нормаларнинг қонунга нисбатан қўлланилганда, кўпинча коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш учун шарт-шароит яратадиган ҳолатларнинг мавжудлиги, давлат ва корпоратив бошқарувнинг етарлича шаффоф ва очиқ эмаслиги, аҳоли, шу жумладан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражаси пастлиги коррупцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар сирасига киради. Шунингдек, коррупция хавф-хатарлари мансабдор шахсларнинг давлат хизматларини кўрсатишда жамоатчилик билан бевосита алоқаси билан боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Қайд этилган омилларни ҳисобга олган ҳолда, қисқа муддатга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятдан кўзланган мақсад ва вазифалар қуйидагилардан иборат бўлмоғи даркор.

Биринчидан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун билан Давлат хизматчилари фаолиятида коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чеклов ва таъқиқларни қонунчиликда ўрнатиш лозим.

Ҳозирда мавжуд давлат хизматчилари учун ягона таъқиқ ва чекловлар ўрнатилмаган бўлиб, улар тарқоқ ҳолда Мехнат кодекси, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори, давлат органларининг интизомий устав ва қоидаларида назарда тутилган.

Давлат хизматчилари томонидан совғалар, мерос, хадялар қабул қилишни таъқиқлаш билан боғлиқ чекловларни фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ қонунчиликка киритиш долзарб масала ҳисобланади.

Хорижий давлатлар қонунчилигида давлат хизматчиси томонидан қабул қилиш мумкин бўлган совға ва ҳадяларнинг аниқ миқдори белгиланган (АҚШ – 20 АҚШ доллари, Франция – 35 евро, Буюк Британияда – 140 фунт, Россия – 3000 рубль, Канада – пул кўринишидаги совғалар қабул қилиш умуман таъқиқланган, Сингапур – гонорар, займ, қимматли қоғозлар, мансаб, иш ва контракт, барча тўловлар олиниши таъқиқланган).

Давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшиимчалар киритиш масаласи ҳам долзарб ҳисобланади. Амалдаги қонунчиликда бу Меҳнат кодекси, коррупцияга қарши курашиш, хомийлик тўғрисидаги қонунларда тўлиқ ҳал этилмаган ҳолда акс эттирилган.

Иккинчидан, давлат хизматчиларининг мол-мулки, даромадлари ҳамда катта ҳажмдаги ҳаражатларини декларация қилиш тартибини жорий этиш муҳим аҳамиятга эга.

Даромадлар декларацияси тизимининг умумий мақсади асоссиз даромад олишнинг олдини олиш ва манфаатлар тўқнашувини бартараф этишдан иборат бўлиб, давлат хизматчилари ўртасида коррупция олдини олишнинг воситаси ҳисобланади. Мазкур талаб БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси, ИҲТТнинг давлат хизматчилари активларини декларация қилиш каби халқаро нормаларида мустаҳкамланган.

Хизматчилар даромадларини декларация қилиш дастлаб Буюк Британия, АҚШ, Италия ва Испанияда қабул қилинган бўлиб, ҳозирги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ давлатларида мавжуд.

Учинчидан, коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли орган ваколатларини кенгайтириш зарур. Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида хорижий давлатлар амалиёти ушбу соҳада махсус ва мустақил ваколатли органлар ташкил этилиши ва уларга кенг ваколатлар берилишини кўрсатади.

Масалан, коррупциянинг олдини олиш, унга қарши курашувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ваколатларига эга кўп мақсадли агентликлар (Гонконг, Сингапур, Латвия, Козоғистон), ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар таркибида коррупцияга қарши курашувчи тузилмалар (Бельгия, Венгрия, Испания, Литва, Норвегия, Хорватия) ҳамда коррупцияга қарши курашувчи, сиёсатни белгиловчи ва ушбу соҳада мувофиқлаштириш функциясини бажарувчи институтлар (Франция, Македония, Албания, Мальта, Сербия, Черногория, Ҳиндистон) ваколатига эга тузилмалар кўринишида фаолият юритади.

Мазкур органлар мустақил, ихтисослашган, махсус ваколатга эга ҳамда мутаносиб ресурсларга эга бўлишлари шарт. Ваколатли органлар коррупцияга қарши сиёсатни, таҳлил ва тадқиқот ишларини олиб бориш, коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини назорат қилиш, мувофиқлаштириш, таълим бериш, тергов қилиш ва жиноий таъқиб қилиш билан шуғулланиб боради.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий тизимлар самарадорлигини ошириш, хизмат вазифаларини бажаришда ходимларнинг манфаатлар тўқнашуви ҳақида хабар бериш ва уларни ҳал қилиш масалаларини лозим даражада тартибга солиш, ушбу мажбуриятларни бузганлик учун жавобгарликни ошириш, давлат органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий координаторларнинг ўзаро ҳамкорлиги, барча даражадаги давлат органлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни, шунингдек, уларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, идоравий чора-тадбирларни амалга ошириш устидан ички назорат механизмларини кучайтириш зарур.

Тўртинчидан, коррупцияга қарши махсус тадбирларни хусусий секторга жорий этишга фаол кўмаклашиш мақсадга мувофиқ. Масалан, ички назорат чоралари ва тартибни кучайтириш, давлат харидларида иштирок этиш бўйича қатъий ахлоқ қоидаларини таъминлаш, бизнеснинг коррупцияга қарши курашишдаги жамоавий тадбирларини рағбатлантириш, Устав жамғармасида давлат улуши бўлган ташкилотларда коррупцияга қарши курашиш «комплаенс назорат» тизимини жорий этиш ва унинг самарадорлигини мониторинг қилиш, коррупцияга қарши курашиш тегишли коррупцион стандартига мувофиқ сертификатлаштириш тартибини ўрнатиш зарур.

Хусусий секторда коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда ички хавфсизлик ва назорат тизимлари муҳим аҳамият касб этади. Ушбу фаолият идоравий коррупцияга қарши комплаенс хизматлари томонидан амалга оширилади.

Коррупциявий жиноятлар содир этилишининг олдини олишда бевосита раҳбарларнинг бўйсунувдаги шахслар томонидан коррупциявий жиноят содир этганлиги учун жавобгарликка тортиш амалиёти ҳам эътиборга сазовор. Айрим давлатларда бевосита раҳбарларнинг бўйсунувдаги шахслар томонидан коррупциявий жиноят содир этилганлиги учун раҳбарни жавобгарликка тортиш тартиби мавжуд.

Шу билан бирга, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат органларига ахборот бериш механизмларини такомиллаштириш, коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳоли ва давлат хизматчиларнинг билим ва кўникмаларини доимий равишда мустаҳкамлаб бориш муҳим ҳисобланади.

Коррупциявий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда анъанавий тарғибот усулларидан замонавий инновацион усулларга ўтиш зарур. Хорижий давлатлар амалиётида коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш таълим муассасаларининг қуйи бўғинидан бошланиб, кейинчалик унинг барча босқичларини қамраб олади.

Илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда тегишли тадбирларнинг изчиллик билан амалга оширилиши мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишда давлат ҳамда жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйиш, давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар бўйича коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ҳамда уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратиш, пировардида эса мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ва халқаро майдондаги имиджини мустаҳкамлаш, халқаро рейтинг ҳамда индекслардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.

Баҳодир ИСМОИЛОВ,
Бош прокуратура Академияси Коррупцияга қарши
курашиш илмий-таълим маркази бошлиғи,

Фарҳод ЙЎЛДОШЕВ,
Бош прокуратура Академияси магистранти.