Халқаро молия корпорацияси ва ЕТТБ Қўқон суперфосфат заводини замонавийлаштиришга ёрдам беради
«Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals», Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида умумий қиймати 25 миллион долларга тенг бўлган кредит битимини имзолаш маросими видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
«Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals», Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўртасида умумий қиймати 25 миллион долларга тенг бўлган кредит битимини имзолаш маросими видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, ХМКнинг Европа, Лотин Америкаси ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Жоржина Бейкер, ЕТТБнинг ишлаб чиқариш ва хизматлар департаменти директори Ф.Люсент, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори, «Indorama Corporation» ижрочи директори Амит Лохия ва бошқа тегишли вакиллар иштирок этди.
Тенг улушларда ажратилган ХМК ва ЕТТБ кредит маблағлари Ўзбекистон Республикасининг давлат кафолатларидан фойдаланмаган ҳолда хорижий инвесторга тақдим этилади ва «Қўқон суперфосфат заводи» АЖни замонавийлаштиришда «Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals»нинг тўғридан-тўғри инвестицияларини молиялаштириш учун йўналтирилади.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши режалаштирилган. Биринчи босқичда иссиқхона экинлари учун сувда эрувчан ўғитлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва суперфосфат ишлаб чиқариш ҳажми йилига 100 минг тоннадан 350 минг тоннагача оширилади. Иккинчи босқичда дикалций фосфат, калий сулфат ва сулфат кислота каби янги кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.
Маросимда иқтисодиёт тармоқларини ислоҳ қилиш, кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш, корпоратив секторни ривожлантириш, давлат активларини хусусийлаштириш ва республикага инвестицияларни жалб этишда ХМК ва ЕТТБ томонидан мунтазам қўллаб-қувватланаётгани учун Ўзбекистон Республикаси ҳукумати номидан алоҳида миннатдорлик билдирилди.
«Қўқон суперфосфат заводи»ни замонавийлаштириш лойиҳаси давлат активларини самарали ва ошкора хусусийлаштириш намунаси ҳамда Ўзбекистонда хорижий инвесторнинг «success story»сининг намойиши бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.
ХМК ушбу лойиҳани молиялаштиришдан ташқари, «Indorama» компаниясига ўғитларни тарқатиш тизимини ишлаб чиқиш ва ташкил қилишда маслаҳат кўмагини беради ва фермерларга ер сифатини бошқариш соҳасида техник ёрдам кўрсатади.
ХМК вице-президенти Бейкер хонимнинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳа маҳаллий фермерлар эҳтиёжлари қондириш ва экспорт қилиш учун юқори сифатли ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширадиган инновацион энергия тежамкор технологияларни жорий этиш ҳисобига Ўзбекистоннинг кимё ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
«Биз фермерларнинг иш фаолиятини сезиларли даражада яхшилай оладиган, иш ўринлари ярата оладиган, мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини оширадиган ва умуман, инвестиция муҳитини яхшилай оладиган «Indorama Corporation» каби компаниялар хусусий инвестиция жалб этиш орқали Ўзбекистонга кўмаклашишда давом этишига эришишни режалаштирмоқдамиз», - деди ХМК вице-президенти.
Ўз навбатида ЕТТБ департаменти директори Ф.Люсент мазкур банк давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштириш бўйича маслаҳат хизматлари кўрсатиш, шунингдек, Республикада банк кредит портфелини хусусий секторга урғу берган ҳолда кенгайтириш орқали Ўзбекистонга ёрдам кўламини кенгайтириш ниятида эканини қайд этди.
Маълумот ўрнида: «Қўқон суперфосфат заводи» АЖ 1935 йилда ташкил этилган бўлиб, компания фаолияти Қизилқум фосфорит комбинатининг «Тошқура» кони фосфоритларидан минерал ўғит ишлаб чиқариш эди. 2019 йилда завод акцияларининг 96 фоиз «Indorama Corporation» томонидан сотиб олинди.
«Indorama Corporation» - дунёнинг 35 дан ортиқ мамлакатида ўғит, полимер, полимер хом ашёси, тўқимачилик, тола ва тиббий қўлқопсингари турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи, 40 000 дан ортиқ одам ишлайдиган шўъба корхоналари ва филиалларига эга бўлган Осиёдаги кимёвий саноат соҳасида етакчи холдинглардан биридир. Тузилма Сахара жанубида жойлашган Африка мамлакатларида энг йирик минерал ўғит ишлаб чиқарувчи, Ғарбий Африкадаги энг йирик полиолефин ишлаб чиқарувчи ва дунёда учинчи йирик синтетик қўлқоп ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади.
Шунингдек, компания пахта ва синтетик ипларни интеграллашган ишлаб чиқарувчи ҳамдир.