Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро кузатувчилар тайёргарлик ишлари билан танишмоқда
15:58 / 2019-12-20

22 декабрь - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари учун ўтказиладиган сайловлар дунё миқёсида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.


22 декабрь - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари учун ўтказиладиган сайловлар дунё миқёсида ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу боис “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида ўтказилаётган муҳим сиёсий жараёнда бевосита қатнашиш мақсадида келган халқаро кузатувчилар миссиялари сайловга тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишмоқда.

Жумладан, Туркийзабон давлатлар Кенгаши вакилларидан иборат кузатувчилар гуруҳи Самарқандда бўлиб турибди. Халқаро кузатувчилар дастлаб Самарқанд шаҳридаги 66-сайлов участкаси фаолияти билан танишди. Участка масъуллари меҳмонларни сайлов куни бўладиган жараёнлар билан тўлиқ таништириб, участка сайлов комиссияси фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.

– Сайловга тайёргарлик ишлари билан танишиб, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори бежизга янграмаётганига амин бўлдим, – дейди миссиянинг туркиялик вакили Узге Хадиче. – Участканинг сайловга ҳозирлиги белгиланган талабларга тўлиқ жавоб беради. Сайлов жараёнларида комиссия фаолияти, партияларнинг кузатувчилари, оммавий ахборот воситалари учун белгиланган жойлар мавжуд. Эътиборлиси, белгиланган жойлар уларнинг фаолиятларига жуда мос келади. Сайловчилар ҳам жараёнда ҳеч қандай қийинчиликсиз ўз номзодларига овоз беришлари учун етарли шароит қилинган. Айниқса, участкада ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган имкониятлар менинг эътиборимни тортди. Ҳар бир фуқаро учун тенг шароитлар, сиёсий партиялар, номзодлар учун бир хил имкониятлар яратилган сайловлар демократик тамойиллар асосида ўтишига шубҳа йўқ. Ўйлайманки, Ўзбекистондаги сайловлар муносиб ўтади ва сайланган депутатлар юртингизнинг бунданда гуллаб яшнашига хизмат қилади.

photo5470136293569702728.jpg

Шундан сўнг, кузатувчилар Самарқанд вилоят сайлов комиссияси фаолияти билан танишди. Вилоят сайлов комиссияси раиси С. Нуриев меҳмонларга вилоятда амалга оширилаётган тайёргарлик жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди ва меҳмонларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

– Миссиямиз икки гуруҳга бўлинган ҳолда сайлов жараёнларини кузатиб боради, – дейди миссиянинг қирғизистонлик вакили Назарали Арипов. – Бизнинг гуруҳ Самарқанддаги сайловларда қатнашади. Бу ердаги сайловга тайёргарлик ишлари бизни қувонтирмоқда. Участкалардаги тайёргарлик, номзодларнинг маълумотларини кўриб, бўлажак сайловларнинг очиқлик, ошкоралик тамойилларига тўлиқ амал қилинган ҳолда ўтишига ишонч ҳосил қилаяпман. Вилоят сайлов комиссияси раиси билан бўлган қисқагина суҳбатимиз давомида ҳам кўплаб маълумотлар олдик. Самарқанд республикадаги энг кўп сайловчилар мавжуд ҳудуд экан. Демак, жараёнларни ташкил этиш ҳам ўзига хос мураккабликларни келтириб чиқаради. Шундай бўлса-да, тайёргарлик ишлари ўз меъёрида кетмоқда. Бўлажак сайловларни муваффақиятли ўтишини тилайман.

Халқаро кузатувчилар кун давомида сайлов участкалари билан бирга сиёсий партияларнинг вилоят кенгашлари фаолияти билан ҳам танишмоқда.