English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро инвестиция форуми
16:11 / 2019-11-25

Самарқанд шаҳрида “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ва вилоят маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг “Made in Samarkand” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.


Самарқанд шаҳрида “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ва вилоят маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг “Made in Samarkand” миллий кўргазмаси бўлиб ўтди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбир вилоят иқтисодий имкониятлари ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш салмоғини ошириш, Самарқанднинг инвестицион жозибадорлиги ва экспорт имкониятларини кенгайтириш, янги иш ўринларини яратишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Биринчи бор ташкил этилишига қарамай форум ишида 31 давлатдан 310 дан ортиқ вакил қатнашди.

Дастлаб инвестор ва тадбиркорлар Самарқанд вилоятидаги “Pure Milky”, “Agromir”, “SAG gilamlari”, “Afrosiyob jeans” каби корхоналарга ташриф буюриб, вилоятда тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар, инвестиция муҳити ҳақида маълумотга эга бўлди.

Форумнинг асосий тадбирлари, яъни ялпи мажлис ва секция мажлислари бўлиб ўтди.

Ялпи мажлисда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов, Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари И.Жасимов, хорижлик делегациялар вакиллари, Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган инвесторлар сўзга чиқдилар.

Секция мажлисларида вилоят экспорт имкониятларини ошириш, минтақанинг капитал жалб этишдаги имконият ва жозибадорлиги, минтақа иқтисодиётида сайёҳлик индустриясини шакллантириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, импорт ўрнини тўлдириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни ривожлантириш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, хорижий сармоядорлар билан “B2B”, “B2G”, “G2G” форматда мулоқотлар ва янги инвестицон лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Йирик хорижий инвесторлар билан Самарқанд халқаро аэропортини қуриш ва ундан фойдаланиш, замонавий аттракционлар ва кенг форматли, “Аймэкс” (IMAX) кинотеатрли истироҳат боғи, автобус- техника воситалари ишлаб чиқариш, “IT истироҳат боғи”, “Сити”, бизнес марказлари, сайёҳлик мажмуалари бўйича ва бир қатор ижтимоий-гуманитар лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Форум якунлари бўйича ўтказилган брифингда Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов “Invest in Samarkand” I халқаро инвестиция форумида умумий миқдори 1,7 миллиард доллардан ортиқ 234 та келишув битими имзоланганини қайд этди.

Жумладан, 1 миллиард 543 миллион доллар миқдорида 53 та инвестицион битим имзоланди. Шундан, маҳаллий тадбиркорлар инвестициялари қиймати 126,8 миллион доллар ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар қиймати эса 1 миллиард 416 миллион долларни ташкил этди.

Жумладан, Хитой Халқ Республикасининг “Nanyang PuKang Yunlong Pharmaceutical Сo.Ltd” корпорацияси ва Каттақўрғон шаҳридаги “PUKANG ZHIYAO” МЧЖ ўртасида фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича (“Маккажўхоридан доривор ёғ ишлаб чиқариш” лойиҳаси, қиймати 70 миллион доллар) келишувга эришилди. Хитой Халқ Республикасининг “Huatong Cable inc” корхонаси ва “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ўртасида “Текстил маҳсулотлари ишлаб чиқариш” бўйича қиймати 30 миллион долларлик лойиҳа имзоланди. Жанубий Кореянинг “М.Pharm Corp” ва Самарқанд туманидаги “Корейская страна” корхонаси фармацевтика соҳасида қиймати 20 миллион доллар бўлган лойиҳани биргаликда амалга оширадиган бўлди.

Шу билан бирга форум давомида умумий қиймати 181 миллион доллар миқдоридаги 61 та экспорт шартномаси имзоланди.

Масалан, Самарқанд шаҳридаги “Зарафшон текстил” корхонаси ва Россия Федерациясининг “Август” корхонаси ўртасида трикотаж ва жинси маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 20 миллион долларлик битим тузилди. Тойлоқ туманидаги “Бро Бинс” корхонаси ва Туркиянинг “Шарк Йилдизи” ширкати ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича 5 миллион долларлик шартнома имзоланди. Булунғур туманидаги “Самарқанд Гарден Пласт” корхонаси эса Афғонистоннинг “Мусин Амири” корхонаси билан 9 миллион долларлик ана шундай келишувга эришди.

Умуман, форум давомида саноат йўналишида умумий қиймати 1 миллиард 70,3 миллион доллар бўлган 46 та битим, хизмат кўрсатиш соҳасида 464,8 миллион долларлик 10 та битим, қишлоқ хўжалиги соҳасида 189,1 миллион долларлик 58 та битим имзоланди.

– “Investin Samarkand” I халқаро инвестиция форуми ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўргазмасидан кутилган натижаларга эришдик, деб айтишга тўла асосларимиз бор, – деди Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов. – Шу боис келгусида бу форумни анъанавий ўтказишга қарор қилдик. Имзоланган битимларнинг қоғозда қолиб кетмаслиги, реал ҳаётда ўз аксини топишини таъминлашни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз. Бунинг учун “йўл харита“ларини тузиб, лойиҳаларнинг ўз вақтида амалга оширилиши учун зарур чора-тадбирларни кўрамиз.