French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро давра суҳбати: “COVID-19 пандемияси шароитида одам савдосига қарши курашиш”
21:32 / 2020-07-29

2013 йилда 30 июль – БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган.


Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академиясида одам савдосига қарши курашиш борасида эришилган ютуқлар, мавжуд муаммолар, бу борада давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокамасига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. 

30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни муносабати билан ташкил этилган ушбу онлайн тадбир Олий Мажлис Сенати, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Бош прокуратура, шунингдек БМТнинг Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси томонидан ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева одам савдосига қарши кураш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганини таъкидлади. Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилгани буни яққол тасдиқлайди.

Бугунги кунда Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг позициясини яхшилашга, шунингдек қабул қилинаётган чоралар самарадорлигини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси») ҳамда 2019-2020 йилларда одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссия томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. Мазкур «Йўл харитаси» ва режада белгиланган вазифалар изчиллик билан амалга оширилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов одам савдоси – дунёнинг деярли барча мамлакатларида миллионлаб инсонлар ҳаётига дахл қилаётган, уларнинг инсоний қадр-қимматини камситаётган глобал муаммо эканини қайд этди. Одам савдоси – жиддий жиноят ва инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилишидир. Ушбу хавф нафақат одам савдоси жабрдийдалари келиб чиқадиган ёки уларни қабул қилувчи давлатлар, балки барча мамлакатларга тааллуқли муаммо ҳисобланади.

Шу маънода, 2010 йил 30 июлда БМТ Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастури қабул қилингани бежиз эмас. Ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларни ҳимоя қилиш, жиноятчиларни таъқиб этиш ва бошқа тегишли йўналишлардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.

2013 йилда 30 июль – БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинган. Бугунги кунда БМТ, ЕХҲТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар, барча давлатлар одам савдосига қарши курашишга катта эътибор қаратмоқда.

2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларида одам савдосига қарши курашиш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгиланиб, болалар савдоси, одам савдоси, шунингдек, аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликни бутунлай йўқ қилиш лозимлиги кўрсатилган.

Бутун дунё бўйлаб тарқалган коронавирус пандемияси шароитида ҳам Ўзбекистон одам савдосига қарши курашиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан яқин ҳамкорликда иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, одам савдосига қарши курашиш масаласи нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари, таълим муассасалари зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Тадбирда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев, БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги ҳудудий вакили Ашита Миттал, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Элчи Жон МакГрегор ҳам сўзга чиқди.

Онлайн анжуманда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Бош прокуратура Академияси, Ички ишлар вазирлигининг Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссияси вакиллари, БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюросининг одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича халқаро экспертлари ўз маърузаларини тақдим этишди.

Мунозараларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, Давлат меҳнат инспекцияси, Республика “Istiqbolli Avlod” ижтимоий-ахборот маркази, Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази мутасаддилари ва мутахассислари - жами 50 дан ортиқ давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида COVID-19 пандемиясига қарши курашда эришилган натижалар хусусида сўз ҳам юритилди. Коронавирус инқирози шароитида одам савдосининг янги турлари пайдо бўлиши омиллари ҳамда оқибатлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа тегишли муассасалар ходимлари учун мўлжалланган одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги ўқув дастурларини янада такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқотнинг илк натижалари кўриб чиқилди. Бу борада амалий тавсиялар берилди.

Бола савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кичик комиссиялар фаолияти, одам савдосидан жабр кўрганларга миллий даражада реабилитация хизматлари кўрсатишни ташкил этиш, Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари томонидан одам савдосидан жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ишлари самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро давра суҳбати якунида бу борадаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришда ўзаро тажриба ва фикр алмашиш муҳимлиги эътироф этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази матбуот хизмати