Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Халқаро бизнес-форум: истиқболли лойиҳалар ва манфаатли ҳамкорлик
18:34 / 2019-09-23

Сурхондарё вилоятида 21-22 сентябрь кунлари “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтди.


Сурхондарё вилоятида 21-22 сентябрь кунлари “Open South International Business Forum II” халқаро бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Россия, Туркия, Япония, Корея, Канада, Австрия, Бангладеш, Буюк Британия, Афғонистон, Тожикистон, Туркманистон каби 20 дан ортиқ мамлакатдан салоҳиятли йирик сармоядорлар, компаниялар, халқаро молиявий ташкилотлар, чет эл давлатларининг мамлакатимиздаги дипломатик корпус ҳамда савдо уйлари вакиллари иштирок этди.

Форумнинг очилиш маросимида Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Ф.Раҳимовлар мамлакатимизда сўнгги йилларда қулай инвестиция муҳити яратилиб, соҳага алоҳида эьтибор қаратилаётгани иқтисодиёт тармоқларига тўғридан-тўғри хориж сармоясини жалб этишга кенг имконият яратганини таъкидлади.

Афғонистон Ислом Республикаси Балх вилояти волийси Муҳаммад Исҳоқ Раҳгузар, Тожикистон Республикаси Хатлон вилояти ҳокими ўринбосари Ражабали Ражабов халқаро форум иштирокчиларини нуфузли анжуманда иштирок этаётгани билан табриклаб, қўшни Сурхондарё вилояти ва Афғонистоннинг Балх, Тожикистонинг Хатлон вилоятлари ўртасида ишончли ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганини мамнуният билан эътироф этди.

Сурхондарё вилоятида ўтган йили ўтказилган илк “Очиқ жануб” биринчи халқаро форумида чет эллик иштирокчилар билан қиймати 351 миллион долларлик 47 та инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш бўйича келишувга эришилган. 214 миллион долларга тенг 44 та ташқи савдо шартномаси имзоланган.

2018 йил ва жорий йилнинг 8 ойида ушбу бизнес-форум доирасида имзоланган меморандумлар асосида вилоятда 100 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. Хусусан, Буюк Британия билан ҳамкорликда Жарқўрғон туманида цемент ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 28,3 миллион доллар, Австрия билан ҳамкорликда Музработ ва Денов туманларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлашни ташкил этиш лойиҳалари бўйича 25,2 миллион доллар, Туркманистон билан Сариосиё туманида шағал саралаш ва асфальт маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича 3,1 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилди. Россия Федерацияси тадбиркорлари Узун туманида замонавий хизмат кўрсатиш комплексларини қуриш, интенсив ёнғоқ ва бодом боғларини ташкил этиш, қум ва шебен ишлаб чиқариш, Ангор туманида интенсив боғ ташкил этиш, маҳсулот экспорт қилиш, афғонистонлик ишбилармонлар пойабзал ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, Термиз шаҳрида турар ва нотурар жой биноларини қуриш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

– Вилоятда иккинчи марта ўтказилган мазкур тадбир ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, чет давлатларнинг бизнес ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар вакилларини воҳанинг инвестиция, экспорт, туризм салоҳияти ва имкониятлари билан яқиндан таништиришга йўналтирилгани билан аҳамиятли бўлди, – дейди Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б.Мардаев. – Хорижлик сармоядорларда нафақат воҳанинг саноат салоҳиятини ривожлантириш балки, аграр тармоқ имкониятларидан оқилона фойдаланишга қизиқиш ортмоқда. Турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, доривор гиёҳлар парваришлаш, интенсив ёнғоқ ва бодом боғлари барпо этиш, қайта ишлаш ва экспорт қилишга интилиш кучаймоқда. Ўтган форумда бўлгани сингари иккинчи тадбирда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қадоқлаш ва сақлаш бўйича истиқболли келишувларга эришилди.

Сурхондарё ер ости ва ер усти табиий бойликлари мўл вилоят. Тошкўмир, газ, цемент, нефть, мармар, ош ва калий тузлари, оҳак, уран, полиметалл, гранит тош, олтингугурт, керамзит, гипс, кварц, йод, карбид, бром, сланец каби кўплаб ноёб табиий бойликлар захираси мавжуд. Табиий иқлим шароити турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш учун зарур имконият яратади. Вилоятда туризмнинг барча йўналишларини ривожлантириш мумкин. Бунга будда ва ислом динига оид кўплаб археологик ёдгорликлар сақланиб қолгани, кўп минг йиллик тарихга эга маданий мерос объектлари, мафтункор табиат манзаралари, шифобахш зилол сувлари яққол далилдир.

Бу хорижий давлатлар сармоядорлари билан тенг шерикликка асосланган истиқболли бизнесни йўлга қўйиб, ҳудуд имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим ўрин тутади. Зиёрат, тиббиёт, эко ва бошқа сайёҳлик йўналишларининг ривожланиб бораётгани тоғлар бағридаги шифобахш зилол сувли ҳудудларга туташиб кетган хушманзара табиат масканларида кичик туризм зоналарини ташкил этишда муҳим омил бўлади. Ушбу форум бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади.

Маълумотларга кўра, Сурхондарё вилояти билан хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган даврида ўзлаштирилган қиймати 103,7 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициянинг 40 таси саноат, 41 таси қишлоқ хўжалиги, 17 таси хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли лойиҳалардир. Вилоятга тўғридан-тўғри сармоя киритган мамлакатлар қаторида Буюк Британия, Афғонистон Ислом Республикаси, Австрия, Россия, Тожикистон, Хитой каби давлатлар бор. Вилоятда 302 хорижий сармоя иштирокидаги корхона мавжуд. Бу ҳам воҳа иқтисодиётига инвестиция киритиш ҳажмини кенгайтириш, чет эл капитали иштирокидаги корхоналарни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва хорижлик сармоядорларнинг воҳага бўлган ишончи, ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги ортиб бораётгани самарасидир.

Ўтмишдан Буюк ипак йўли чорраҳасида дунёнинг йирик савдо ва маданий маркази сифатида Ғарбу Шарқни бир-бирига боғлаб келган қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхондарё кейинги йилларда ҳар тарафлама юксалиб, янги босқичда тараққий этмоқда. Иқтисодий-ижтимоий ривожланишдаги йирик имкониятлари билан жаҳонга юз тутмоқда.

Мазкур тадбир маҳаллий ва хорижлик тадбиркорларнинг ўзаро дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Сурхондарё қўшни Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари билан чегарадош вилоят. Темир йўл ва халқаро автомагистраль йўл инфратузилмасига, Ўзбекистонда ягона дарё портига эгалиги ҳам дунёга чиқишда иқтисодий жиҳатдан катта қулайлик яратади.

Форумнинг ялпи мажлисида жанубдаги вилоятнинг йирик салоҳият ва инвестиция имкониятлари намойиш этилди. Вилоят ҳокими ўринбосари А.Орипов лавҳалар орқали иштирокчиларни ҳудуднинг иқтисодий, ижтимоий, жуғрофий имкониятлари ҳамда ўзига хос инвестициявий хусусиятлари билан яқиндан таништирди.

Вилоятда “Термиз“ ва “Бойсун-фарм“ эркин иқтисодий зонаси фаолият юритмоқда. Уларда хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар учун барча қулайликлар барпо этилган. Тақдимотда, шунингдек, воҳанинг қазилма бойликларини ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва кутилаётган натижалар, қишлоқ хўжалиги соҳасида кенг жорий этилаётган замонавий технологиялар ва дастлабки ютуқлар ҳақида маълумот берилди.

Халқаро форумда нафақат Сурхондарёда, балки бутун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган қулай инвестиция муҳити, қўшни ва хорижий давлатлар билан яқин биродарлик, дўстлик сиёсати олиб борилаётганига алоҳида эьтибор қаратилди. Хусусан, чегараларимиз очилиб, қатор давлатлар билан визасиз режим ўрнатилди. Афғонистонлик қўшнилар учун виза расмийлаштириш соддалаштирилди. “Termiz kargo” экспорт марказида қўшни давлат ишбилармонлари учун барча замонавий қулайлик яратилган. Божхона терминали, кенг, шинам меҳмонхона, ресторан ва бошқа шохобчалар афғон ишбилармонлари хизматида. Ҳужжатларнинг “Бир дарча” тамойили асосида тақдим этилишини расмийлаштириш жараёнларини ҳеч қандай тўсиқларсиз, тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда.

Бу ердаги павильонларда қўшни давлат учун мамлакатимиздаги озиқ-овқат, енгил саноат, чарм-пойабзал, фармацевтика, қурилиш, автомобилсозлик ва бошқа саноат корхоналарида ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотлар кўргазмага қўйилган.

Таҳлилчилар Сурхондарёнинг яна бир инвестициявий жозибадорлигини ҳудудда туризмни ривожлантириш имкониятлари катталиги билан ҳам изоҳлайди. Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари У.Қосимхўжаев маърузасида бу жиҳатлар ўз ифодасини топди ва хорижлик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Форумда Туркиянинг “IdeaList” компаниясининг “Бойсун“ кичик туризм зонасида замонавий сайёҳлик турларини йўлга қўйиш масаласига бағишланган тақдимоти тадбир қатнашчиларининг бу борадаги тасаввурларини янада бойитди.

– Бу тақдимот вилоятнинг туризм соҳасини ривожлантиришда жуда қўл келади, – дейди Туркиянинг “IdeaList” шаҳарсозлик, меъморчилик ва муҳандислик компанияси вакили Иброҳим Чилипувен. – Чунки, вилоят ўзининг бетакрор табиатига эга. Ўйлайманки, биз таклиф этаётган лойиҳани қўллаб-қувватлаш ҳар тарафлама манфаатли бўлади. Биз, Бойсун туманидаги Омонхона зиёратгоҳи ва шифобахш сув булоғи, Зовбоши қишлоғи ҳудудида янги экосити қуришни мақсад қилганмиз. Бугун сайёҳлар ана шундай сўлим табиат қўйнидаги замонавий тараққиёт уфуриб турган жойларда мириқиб ҳордиқ чиқаришни истайди.

Форум доирасида Термиз шаҳридаги Санъат саройи мажмуаси майдонида вилоятда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва миллий ҳунармандлик буюмлари, Термиз туманидаги “Termiz kargo” экспорт марказида ишлаб чиқарилаётган 300 турдан ортиқ тайёр маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди.

Икки кун давом этган халқаро форумда кооперацион биржа ўтказилди. Шунингдек, афғонистонлик тадбиркорлар иштирокида Сурхондарё вилояти ва Афғонистон билан иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш ва ташқи савдони янада ривожлантириш истиқболларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Бизнес-форумда қиймати 429,7 миллион долларга тенг 76 инвестиция ва экспорт шартномаси имзоланди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, текстиль, полимер каби маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича 320,7 миллион долларлик 50 инвестиция ва 109 миллион долларга тенг 26 экспорт шартномаси тузилди.

– Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланамиз, – дейди исроиллик Нево Егер. – Тошкентда ҳам филиалимиз бор. Бизни воҳанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини парваришлаш бўйича кенг имкониятлари жуда қизиқтириб қолди. Шу мақсадда Музработ тумани ҳокими билан шартнома тузиб, ўз бизнесимизни йўлга қўйишни келишиб олдик.

Сурхондарё вилояти ҳокими Венгриянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси С.Петер, Бангладешнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси М.Маннан, Япониянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Ёшинори, Афғонистоннинг Балх вилояти ҳокими И.Раҳгузар, Саманган вилояти ҳокимининг ўринбосари С.Самангани, Фарьяб вилояти ҳокимининг ўринбосари М.Росех, Жаузжон вилояти ҳокимининг ўринбосари М.Аюбий, Қандоғар вилоятининг ишбилармон доиралари ва бошқа хорижий компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Меҳмонлар вилоятдаги қатор замонавий корхоналарда бўлиб, рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирди. Тадбиркорлар ва ишчилар билан суҳбатлашди. Қадимий археологик ёдгорликлар билан танишиб, тарихий обидаларни зиёрат қилди.

Бизнес-форумда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Боболов иштирок этди.