Халқаро Бильярд спорти мусобақасининг навбатдаги турнири бўлиб ўтди
Ушбу турнир Беларуснинг фашист босқинчиларидан озод этилганлигининг 75-йилигига бағишланди. Турли мамлакатлардан келган ўйинчилар 44 та командага бўлиниб, бир-бирлари билан беллашдилар.
Беларуснинг Минск шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибига кирувчи Россия, Беларусь, Украина, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларининг Хавфсизлик хизматидан истеъфога чиққан ветеранлари ўртасида ҳар йили ўтказилиб келинаётган анъанавий Халқаро Бильярд спорти мусобақасининг навбатдаги турнир бўлиб ўтди.
Ушбу турнир Беларуснинг немис-фашист босқинчиларидан озод этилганлигининг 75-йилигига бағишланди. Турли мамлакатлардан келган ўйинчилар 44 та командага бўлиниб, бир-бирлари билан беллашдилар.
Ҳар бир гуруҳда бештадан иштирокчи бўлганлигини инобатга олсак, мусобақанинг қанчалар жанговар руҳда ўтганлигини тасаввур қилиш унчалар қийин эмас.
Бу кескин курашда ўзбекистонлик бильярд усталари қаторида Ўзбекистон Бильярд спорти федерациясининг президенти, истеъфодаги генерал-майор Ўткир Камилов ҳам қатнашди ва муросасиз кечган мусобақа барча рақибларини енгиб, финалгача етиб келди.
Финал босқичида беларуслик генерал Дедков Леонид Николаевич ўзбек генералига қарши майдонга чиқди. Мусобақани қатнашчилар диққат билан кузатиб турди. Негаки, Ўткир Камилов саралаш босқичида беларуслик рақибини енгган эди.
Бунинг устига, ярим финалда Қирғизистон Республикасининг ДХХ раисининг ўринбосари Байимбетов Жакипбек Мамадиевични 2:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Бор маҳорат ва тажриба ишга солинди, лекин ҳамюртимизга бу гал бир очко етмади.
Ўткир Камилов икки юзга яқин жанговар офицерлар ичида фахрли 2-ўринни эгаллаб, юртимизга кубок билан қайтиб келди.
Акбарали Нурматов,
Ўзбекистон Бильярд спорти федерациясининг вице-президенти матбуот котиби