Халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қўшма баёнот муҳокама қилинди
Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинган.
Ўзбекистон Республикасининг Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасида МДҲ иштирокчи давлатлари экспертлари Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг халқаро ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёноти лойиҳасини видеоконференсалоқа шаклида муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги сайтида маълум қилинган.
Тадбирда Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Қозоғистон, Молдова (кузатувчи сифатида), Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазирликлари вакиллари иштирок этди.
Муҳокама қилинаётган ҳужжат жаҳон ҳамжамиятини замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш, жумладан, технологик воситаларни халқаро тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш вазифалари билан боғлиқ мақсадларда ишлатиш заруратига эътибор беришга ундайди.
Учрашувда ҳужжат лойиҳаси юзасидан томонларнинг эътироз ва таклифлари эшитилди, матннинг асосий бандлари келишилди.
Қўшма баёнот лойиҳаси муҳокамасини жорий йил 21 август куни видеоконференция шаклида давом эттириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Лойиҳа маъқуллангандан сўнг ҳужжат жорий йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида қабул қилиниши режалаштирилмоқда.