Халқ қабулхонаси: барчаси аҳоли розилиги учун
Бухоро шаҳрида бугунги кунда 65 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият кўрсатмоқда.
Бухоро шаҳрида бугунги кунда 65 та маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолият кўрсатмоқда. Ҳудуддаги 70 мингга яқин хонадон, 79,7 мингдан ортиқ оилада 280,6 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилмоқда.
Камбағал, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва пандемия туфайли ишсиз қолган фуқароларни аниқлаш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, кенг жамоатчилик вакиллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари иштирокида жорий йил бошидан бери ўтказиб келинаётган хатловлар натижасида шаҳарда ана шундай тоифаларга мансуб 2 минг 785 та оиланинг 10 минг 218 нафар аъзоси борлиги аниқланди.
–Уларни ижтимоий-иқтисодий муҳофаза қилиш, хусусан, тадбиркорликни ривожлантириш йўли билан янги иш ўринларини очиш ва пировардида камбағалликни қисқартириш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиб, муайян ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳридаги Халқ қабулхонаси мутахассиси Лазизжон Эшов. – «Темир дафтар» га киритилган ҳар битта оила ва уларнинг аъзолари манфаатлари доимий эътиборда. Айниқса, тўртта сектор бўйича рўйхатга олинган 1 минг 777 нафар ишсиз фуқароларни ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш, тадбиркорликни бошламоқчи бўлганлар банкларнинг имтиёзли кредитларини ажратиш йўналишида кейинги пайтда бир қатор ишлар амалга оширилганлиги туфайли шаҳардаги 445 та оила ( аъзолари сони 879 нафар) камбағаллик рўйхатидан чиқарилди.
Президентимизнинг «Камбағалликдан чиқаришнинг ягона йўли – бу оилага даромад манбаи яратишдир, хоҳ у тадбиркорлик йўли билан бўлсин, хоҳ тайинли доимий иш ўрни» деган ҳаётбахш сўзлари шу кунларда асосий дастуриламал вазифасини ўтаётгани бежиз эмас. Маълум сабабларга кўра «Темир дафтар»да қолаётган 2 минг 340 та камбағал оилани ҳам жорий йил охиригача ушбу рўйхатдан чиқариш имкониятлари бор. Амалга ошириш арафасидаги бир қатор истиқболли лойиҳалар, саноат корхоналарида жорий йил охиригача яратиладиган иш ўринлари, вакант лавозим ва вазифалар, 7 та асосий йўналиш, хусусан, оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни кенг йўлга қўйиш борасидаги сай-ҳаракатлар ўз ижобий натижасини беради.
Турли сабабларга кўра анчадан бери фаолият юритмай келаётган шаҳардаги ”Нигора” тикув фабрикасида бугунги кунда олиб борилаётган реконструкция ва модернизация ишлари тугагач, бу ерда 750 та янги иш ўрни барпо этилади. Шаҳарда бунёд қилинаётган 2 та кичик саноат зонасини қамраб олувчи 32 та истиқболли лойиҳа амалга оширилиши билан эса 587 нафар турли касбдаги ишчиларга эҳтиёж сезилади. Янги ишга қабул қилинадиганлар 458 нафарининг камбағал оилалар аъзолари сифатида бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш иш ўринлари сонини кўпайтиришнинг муҳим шарти эканлигини ҳисобга олиб биргина шаҳарда кичик ҳажмдаги маиший хизмат лойиҳалари (контейнер) бўйича 300 га яқин якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. Бу борадаги сай-ҳаракатлар замирида соҳани янада тараққий эттириш ва энг муҳими пандемия шароитида иқтисодиётни мустаҳкамлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган устувор вазифалар ижроси мужассамдир.
Иқтисодиётни ривожлантиришга туртки бўладиган «драйвер» соҳаларни ҳар бир ҳудуд хусусиятидан келиб чиққан ҳолда белгилаб олиш зарур. Кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоронинг иқтисодий тараққиётида туризм, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда шаҳарда 145 та меҳмонхона, 26 та хостел ва 144 та меҳмон уйлари бўлиб, ҳудуддаги савдо, ҳунармандчилик, умумий овқатланиш корхоналари, туристик ва бошқа хизматларда мамлакатимизда карантин эълон қилингунга қадар 10 минг нафардан зиёд киши банд эди. Карантин чекловлари юмшатилгач ва батамом олиб ташлангач ушбу йўналишлардаги юқори сифатли хизматлар яна қайта ишга тушади.
Шаҳарда бугунги кунда нафақат тўқимачилик, балки озиқ-овқат, қурилиш, электротехника, кимё саноати маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган бир қатор корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Электротехника йўналишида трансформатор ишлаб чиқариш лойиҳасини муваффақият билан амалга ошириб келаётган шаҳардаги «Сайфулло мангу» ҳамда кичик саноат зонасида ташкил этилган «Энерго-Макс» МЧЖ шулар жумласидандир.
Барча йўналишларда белгиланган ишлар ижросини таъминлаш бундан кейин ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро шаҳридаги Халқ қабулхонаси фаолиятининг устувор ва бош мезони бўлиб қолаверади.