Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хўжайлининг 2400 йиллик тарихи акс этган тарихий девор қад ростлади
12:18 / 2020-09-04

Мустақиллик байрами арафасида Хўжайли туманида тарихий эсдалик девор қад ростлади.


Мустақиллик байрами арафасида Хўжайли туманида тарихий эсдалик девор қад ростлади. Унда туманнинг 2400 йиллик узоқ тарихига оид кўргазма ўз аксини топган.

− Бу орқали биз бутун дунёга мамлакатимизнинг бетакрор маданий меросини, очиқ осмон остидаги ниҳоятда беқиёс тарихий ўтмишини танитиб, туризмнинг ривожланишига кенг йўл очишни мақсад қилганмиз, − дейди Хўжайли тумани ҳокими Женгис Ермашев. − Ушбу тарихий кўргазма деворни яратиш ғояси туманимиз ёшлари томонидан илгари сурилди.

Хўжайли Марказий Осиёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири ҳисобланади. Ўрта аср ёзма манбаларида Хўжайли шаҳри Миздакхан номи билан машҳур бўлган. У ҳақида X асрда истиқомат қилган араб географлари Ибн Русте ҳамда ал-Истраҳийлар ёзиб қолдирган. Шунингдек, яна бир араб географи ал-Мақдисийнинг қайд этишича, Миздакхан 12 минг феодал қалъаларининг марказий шаҳри бўлган.

photo_2020-08-30_00-32-43 (2).jpg

Шаҳарнинг энг қадимий қисми Гауир қалъа номи билан маълум бўлиб, у тўққиз гектардан ортиқ майдонга эга табиий тепалик саналади.

IX-XI асрларда қалъада янги қўрғон деворлар қад ростлаб, ҳоким саройлари қурилган. Шу жойдан Хитой тангалари, Ўрта Ер денгизи бўйи халқларига оид чинни буюмлар, Қора денгиз бўйи нарсалари топилган. Демак, Миздакхан Шарқ билан Ғарбни боғлаб турган.

Хўжайли – машҳур бешта шаҳарнинг биридир. Бу ерга одамларнинг доимий макон тутганига 2400 йилдан ошди, деган илмий тасдиқлар мавжуд. Хўжайли номи XVII асрда пайдо бўлган. Тарихда Хўжайли Гауир, Антакия, Миздакхан номлари билан машҳур бўлган. Хўжайлининг устидан Буюк Ипак йўли карвонлари Шарқ давлатларига бетиним ўтиб турган. Шу вақтлардан маҳаллий аҳоли улардан юқори маданиятни, савдо-сотиқни ўрганган.

1221 йилда Чингизхон истилоси Хоразм юртига катта талафот келтириб, минтақадаги халқ турмушини издан чиқариб юборди. Хўжайли (Миздакхан) ҳам маълум вақт ривожланишдан тўхтаб қолди.

XIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ғарбни ва Шарқни боғловчи Буюк Ипак йўли фаолияти тикланди ва Хўжайлида ҳаёт ўз маромига қайта тикланди. Шу даврларда Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Сурия далатлари, Волга бўйи ва Қора денгиз соҳилларидаги шаҳарларнинг савдогарлари, саёҳатчилари шу жойда тўхтаб ўтган.

Шаҳар аҳолиси заргарлик, тўқимачилик, қурилиш, деҳқончилик, чорвачилик ва балиқчилик каби 60 га яқин ҳар хил касблар билан шуғулланган.

photo_2020-08-30_00-32-43.jpg

Ривоятларга кўра, қадим замонларда Хўжайлида нон ёпадиган тандирлар кам бўлган. Битта кўчага атиги битта тандир хизмат қилган. Бу Хўжайли халқининг бирдамлиги, тотувлигини англатган. Одатда ташқи душманлар бирон шаҳарни босиб олмоқчи бўлса, шу шаҳарда қанча тандир борлигини текшириб чиқишар экан. Агар тандир кўп бўлса, демак у ерда халқнинг бирдамлиги йўқлигини билдирган.

Хўжайли тарихини эслатувчи ушбу деворда Хўжайлининг ташриф қоғози саналган Миздакхан эсдаликлар мажмуаси ҳамда унга кирувчи Мазлумхансулув мавзолейи, Шамун Наби мақбараси, Жўмарт қассоб тепалиги, Ережеп халфа уйи ва бошқа эсдаликлар ҳам тасвирланган.

Деворга “Хўжайлига пиёда келган, от миниб кетади” деб ёзилган. Ушбу ибора минг йиллардан буён бизнинг давргача етиб келган. Бу Хўжайлига ҳеч нарсасиз келган киши ҳам бойиб кетади, деган маънони англатади. Чунки, Хўжайли – савдо карвонлари ўтадиган, ҳаёт қайнаган шаҳар бўлган.

Хўжайли тумани 1927 йилда ташкил топган. Аҳолиси 123 мингдан ортиқ.