Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кевин Фернандез: Токиодаги саммит минтақавий ҳамкорликни янги стратегик босқичга олиб чиқди
14:42 / 2025-12-25

Ўтган ҳафта ичида нафақат мамлакатимиз, балки минтақа сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйнайдиган тарихий воқеликлар кузатилди. Айниқса, “Марказий Осиё + Япония” саммити минтақа давлатлари учун ўта муҳим ташаббус ва мулоқот майдонига айланди, десак муболаға бўлмайди. Эътиборлиси, ушбу қизғин жараёнларни дунё жамоатчилиги ҳам диққат билан кузатиб борди.

ЎзА мухбири саммит доирасида илгари сурилган муҳим ташаббуслар ва эришилган фойдали келишувлар хусусида Малайзиядаги Осиё-Европа институти ижрочи директори ўринбосари, профессор Кевин Фернандез фикрларини ёзиб олди. 

– Аввало қайд этиш керакки, 2004 йилда илгари сурилган ташаббус бўйича ташкил этилган “Марказий Осиё + Япония” мулоқоти ўшандан бери олимлар ва бизнес вакиллари иштирокидаги турли форумлар билан бирга, тўққизта ташқи ишлар вазирлари учрашувини ўтказди. Ушбу мулоқотлар доирасида томонлар ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорликни таъминлаш ҳамда барқарор ривожланиш масалалари бўйича мунтазам фикр алмашиб келмоқда. 

“Марказий Осиё + Япония” мулоқоти шакли йиллар давомида сиёсий мулоқот билан чекланиб қолмай, иқтисодий ҳамкорлик, инвестиция лойиҳалари, инфратузилмани ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва инсон капиталини ошириш каби муҳим йўналишларни ҳам қамраб олди. Айниқса, Япониянинг илғор технологиялари ва молиявий ресурсларини Марказий Осиё давлатларининг табиий ва инсон салоҳияти билан уйғунлаштириш ғояси мулоқотнинг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида шаклланди. Таълим, соғлиқни сақлаш, “яшил иқтисодиёт” ва рақамлаштириш соҳаларида амалга оширилаётган қўшма дастурлар бу ҳамкорликнинг амалий самарасини яққол намоён этмоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошқарувга келган даврларидан бошлаб бугунги кунгача прогрессив институционал ва фискал ислоҳотларни амалга ошириб келмоқда. Президентнинг сиёсий ислоҳотлари – тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларга кенг йўл очиш, очиқлик, меҳнат миграцияси сиёсатини ўзгартириш ва минтақавий яқинлашиш ташаббуслари бутун дунё эътиборига тушмоқда. 

Қолаверса, Ўзбекистон Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп давлат сифатида ҳар қандай трансминтақавий ташаббусларда иштироки жуда муҳим. Айниқса, иқтисодий алоқа имкониятларини кенгайтирадиган “Ангрен-Поп” темир йўл линиясини ўз ичига олган ички темир йўл тармоғини модернизация қилишга киритган инвестициялари ўлканинг ривожланаётган минтақавий логистика маркази сифатидаги стратегик мавқеини намоён этади. 

“Марказий Осиё – Япония” биринчи саммитида Президент Шавкат Мирзиёевнинг иштироки ва муҳим ташаббуслари йиғин фаолиятини янада бойитди. Ўзбекистон етакчиси ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган “Токио декларацияси” қабул қилинганини олқишлаб, қатор ташаббуслар билдирди. Жумладан, давлат раҳбарлари даражасидаги саммитларни ҳар икки йилда бир марта ўтказиш ва навбатдаги учрашувни Ўзбекистонда ташкил қилиш, “Марказий Осиё – Япония 2040” ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиш, Япония молия институтларининг Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ва инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш, “Марказий Осиё – Япония” рақамли хаби – рақамли ечимлар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва инновацион иқтисодиёт соҳаларида кўп томонлама ҳамкорлик платформасини яратиш сингари ўнга яқин муҳим ташаббусларни илгари сурди. Бу ғоя ва ташаббуслар барча давлат раҳбарлари томонидан қўллаб қувватланди. 

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё + Япония” биринчи саммитида илгари сурган ташаббуслари нафақат Ўзбекистон, балки минтақа давлатлари учун ҳам чуқур ўйланган ва келажакка қаратилган стратегик дастур бўлиши шубҳасиз.

Гўзал Сатторова, ЎзА