Бугун, 1 февраль куни Кэтрин Рассел БМТнинг ЮНИCЕФ ташкилотига ижрочи директор этиб сайланди.
У 75 йилик тарихида ушбу ташкилотни бошқараётган тўртинчи аёл.
– Менга ЮНИCЕФ ижрочи директорлиги ишониб топширилди, – деди Кэтрин Рассел. – Мураккаб бир даврда болалар билан ишлаш, уларга ёрдам бериш юксак шараф, деб ҳисоблайман. Сайёрамизда миллионлаб болалар COVID-19 пандемияси инқирозидан азият чекяпти, кўпчилик ҳалиям ўша таъсирда яшаяпти.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, Рассел охирги икки йил давомида АҚШ президенти ёрдамчиси ва Оқ уйнинг кадрлар бўлими раҳбари бўлиб ишлади. 2013-2017 йиллари Давлат департаментида аёллар масаласи бўйича элчи сифатида фаолият юритган. 45 дан ортиқ мамлакатда Қўшма Штатларнинг махсус вакили бўлган, қатор хорижий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти тузилмалари билан ҳамкорлик қилган. Қолаверса, у “АҚШда ўсмир қизлар имкониятини кенгайтириш бўйича глобал стратегия” муаллифи.
Кэтрин Рассел “Бостон” коллежида фалсафа бўйича бакалавр дипломини олган. “Жорж Вашингтон” университетида ҳуқуқшунослик доктори даражасига эришган.