Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кескантерак аҳли учун “Сайёр қабул” ташкил этилди
14:28 / 2021-05-22

Навоий вилояти адлия бошқармаси ташаббуси билан Навбаҳор туманининг “Кескантерак” маҳалласида вилоят суди ва маъмурий суд ҳамкорлигида “Сайёр қабул” ташкил этилди.

Кенг қамровда ўтгазилган қабул жараёнида 300 га яқин фуқаро ўзини қийнаб келаётган муаммо ва таклифлари билан масъулларга мурожаат қилди.

Ҳозирда маҳаллада 548 та хонадон мавжуд бўлиб, 2495 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ўрганишлар жараёнида “Ёшлар дафтари”га 63 ёш, “Аёллар дафтари”га эса 33 нафар хотин-қиз киритилган. “Сайёр қабул”да мазкур рўйхатдаги фуқаролар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг муаммоларини ижобий ҳал этишга эътибор қаратилди.

– Қабул жараёнида йиғилганлар томонидан бандлик, пенсия таъминоти, меҳнат ва оилавий муносабатлар, солиқ тўловлари, ногиронликни белгилаш, иш стажини тиклаш ва имтиёзли шартларда нафақага чиқиш сингари бир қатор масалалар юзасидан мурожаатлар келиб тушди, – дейди Адлия бошқармаси ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Дилдора Каттаева. 

– Шундан юздан ортиқ мурожаатчига ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 50 га яқин мурожаат адлия органлари томонидан иш юритувига қабул қилинди. Қонунчиликка кўра, муаммолари суд тартибида ҳал этилиши назарда тутилган тадбир иштирокчилари “Сайёр суд” йиғилишларида қатнашиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди. Шунингдек, қабул мобайнида туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, фарзандини мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш, давлат органларидан турли шаклдаги маълумотномалар олишда амалий ёрдам сўраган фуқароларга шу ернинг ўзида “Сайёр давлат хизмати” кўрсатилди.

Тадбир жараёнида 5 нафар фуқаро иш билан таъминланди, 3 киши ҳудуддаги мономарказларга жойлаштирилди, 2 нафар фуқарога эшитиш мосламаси берилган бўлса, 2 нафарига дори-дармон воситалари тарқатилди.

– Мен шу йил 85 ёшни қаршиладим, 8 фарзандим, 35 нафар набирам бор, – дейди Мукаррам ая Ҳайдарова. – Бугун “Сайёр қабул”да эшитиш мосламаси сўраб мурожаат қилгандим. Масалам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Мен туман адлия бўлимида ишлайдиган ходимлар билан телефон орқали гаплашиб, бирор муаммо бўлса маслаҳатлашиб тураман. Қонунга тўғри келса ишим ҳал бўлади, тўғри келмаса йўналтиришади. Адлия бошқармасидан келганлар билан гаплашдим. Фарзандларимни муаммосини айтиб, маслаҳат олдим.

Тадбирдан сўнг адлия органлари ходимлари маҳалла фаоллари билан “Сайёр қабул”га келиш имконияти бўлмаган фуқароларнинг хонадонларига борди. Уйма-уй ўрганишлар давомида тушган мурожаатларга соҳа вакиллари томонидан ҳуқуқий тушунтириш берилди, вақт талаб этиладиган масалалар алоҳида назоратга олинди.

Барча туман ва шаҳарларда ўтказилган бир кунлик “Сайёр қабул”лар давомида қарийб 300 та мурожаат иш юритувга қабул қилинди.

Абдували Бўриев, ЎзА