Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг хабарига кўра, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг харидлар учун қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС)нинг бир қисмини қайтариш тартибига ўзгартириш киритиш тўғрисида қарори қабул қилинди.
Қарор билан Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган фуқаролар томонидан сотиб олинганда қўшимча қиймат солиғининг тўлиқ суммаси қайтариладиган маҳсулотлар рўйхати кенгайтирилмоқда.
Мазкур тартиб 2023 йил май ойида алоҳида маҳсулотлар учун солиқни нолга туширишга муқобил сифатида жорий қилинган эди. Энди қўй, мол, парранда гўшти, тухум ва ўсимлик мойи билан бир қаторда, ун, шакар, дори-дармонлар ва тиббиёт хизматлари учун ҳам ҚҚС қоплаб берилади. Охиргиларига апрель ойидан бошлаб ноль қийматдаги солиқ бекор қилинади. Айни вақтда ҚҚС қайтариладиган товарларнинг максимал қиймати ҳам белгиланди. Бу ойига 10 базавий ҳисоблаш миқдори бўлиб, у 3,4 миллион сўмга тенг.
Шу билан бирга, Soliq иловасида фискал чекларини сканер қилишда харидлар суммаси ҳам чекланди. Энди ойига 60 базавий ҳисоблаш миқдоридаги чекларни сканерлаш мумкин. Бу 20,4 миллион сўмни ташкил этади. Бундан ташқари, чекда тўлов амалга оширилган карта тури кўрсатилиши керак. Корпоратив карталар бўйича харидлар амалга оширилганда, кешбэк бериш бекор қилинди.
Роман БОНДАРЧУК тайёрлади, ЎзА