АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Кэрол Миллер айни пайт Вашингтонда бўлиб турган мамлакатимиз етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди:
– Ўзбекистондан келган ҳамкорларимиз билан умумий жиҳатлар, шунингдек мамлакатингизда юз бераётган ажойиб ўзгаришлар, масалан болалар қандай таълим олаётгани, аёлларга чексиз ҳурмат кўрсатилаётгани ҳақида гаплашдик. Қолаверса, тасдиқланиши кутилаётган Жексон-Вэник тузатиши бекор қилиниши қанчалик муҳимлигига тўхталдик. Умуман, жуда яхши, ижобий муҳокама бўлди.
Ўзбекистон ҳудудлари ва штатларимиз ўртасида минтақавий алоқалар ўрнатилиши оддий одамлар учун жуда муҳим ва истиқболи, деб ўйлайман. Мен тоғли ҳудудда, кўмир ва табиий газга бой штатда истиқомат қиламан. Сизнинг юртингизда ҳам кўплаб ажойиб, муҳим минераллар, энергия манбалари мавжудки, бизда жуда кўп умумийлик, бир-биримиз билан баҳам кўришимиз мумкин бўлган нарсалар бисёр.
Мамлакатларимиз ўртасида савдо-сотиқни ривжлантириш жуда долзарблиги ҳақида ҳам гаплашдик. Буюк Ипак йўли, хусусан неча минг йиллар давомида мамлакатингиз савдо йўлида қай даражада муҳим манзил бўлгани эътибор марказига чиқди. Муҳими, энди кўзланган манзилларимизни бирлаштириш.
Беш ой олдин Ўзбекистонда бўлгандим. Кўчадаги самимий одамлар, оддий оилалар ва болалар менда жуда илиқ тассурот қолдирди, ўзимни худди уйимдагидек ҳис қилдим. Халқингиз жуда меҳмондўст, таомлар ҳам ажойиб. Яна боришни интиқлик билан кутяпман.
Ҳозир Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари барқарор, келажаги умидли босқичга чиқди. Қўшни мамлакатлар билан эса мамлакатингиз ўзаро тенглик тамойилига асосланган дўстона муносабат ўрнатиб, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш йўлида улкан ишларни амалга оширди.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА