АҚШ Президенти Вашингтондаги машҳур Жон Ф.Кеннеди номидаги Ижро санъати маркази икки йилга ёпилиши мумкинлигини маълум қилди. Тубдан таъмирлаш ишлари июль ойида бошланади ва марказ тўлиқ янгиланган ҳолда қайта очилади.
Режага кўра, ёпилиш санаси Мустақиллик декларацияси имзоланганининг 250 йиллигига — 4 июлга тўғри келади.
Трамп марказни “янада буюк, чиройли ва муваффақиятли даражага олиб чиқиш” ниятини билдирди. Етакчи қайта тиклаш чоғи барча томошалар тўхтатилиши, қайта очилиш эса тарихдаги энг йирик маданий воқеалардан бирига айланишини таъкидлади. Лойиҳанинг молиявий жиҳати ҳал этилгани, фақат якуний қарор марказ кузатув кенгаши розилигига боғлиқлиги қўшимча қилинган.

Сўнгги ойлар Кеннеди маркази атрофида кескин баҳс авж олди. Трамп ўзини марказ раиси этиб тайинлаган, кенгаш таркибини яқин иттифоқчилари билан тўлдирган ва муассаса номига исмини қўшишга ҳам эришган эди. Бу қадамлар санъат аҳли ва мухолифат томонидан кескин танқид қилинди.
Натижада бир неча машҳур санъат жамоаси ва ижодкорлар ўз чиқишларини бекор қилди. Бастакор Филип Гласс, “Hamilton”, Вашингтон миллий операси ва бошқа санъат ташкилотлари марказ билан ҳамкорликни тўхтатди. Демократлар ва Кеннеди оиласи эса мажмуа номини ўзгартириш қонуний кучга эга эмаслигини билдириб, бу қарорни марҳум президент меросига путур етказади, дея баҳоламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА