Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кенгашлар медиа фаолиятида янгича ёндашув
08:59 / 2025-11-22

Юртимизда жамоатчилик билан очиқ мулоқотни ривожлантириш, давлат органлари фаолиятида шаффофлик ва ҳисобдорликни кучайтириш бугунги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Айниқса, рақамли коммуникациялар тез суръатларда ривожланаётган бир даврда ижтимоий тармоқлар маҳаллий вакиллик органларининг фуқаролар билан бевосита мулоқот қилишида, қабул қилиб борилаётган қарорлар моҳиятини содда ва тушунарли етказишда, одамларнинг ўзаро фаол иштирокини таъминлашда беқиёс аҳамият касб этмоқда. Мана шундай шароитда маҳаллий Кенгашлар ахборот сиёсати ва тарғибот тизимини замон талаблари асосида такомиллаштириш долзарб вазифа ҳисобланади.

Андижон шаҳрида “Маҳаллий Кенгашларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини самарали ташкил этиш” мавзусида ўтказилган амалий-ўқув семинари ҳам шу мақсадда ташкил этилди. Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши котибияти ҳамда Демократик жараёнларни таҳлил қилиш марказининг ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари котибиятлари мутахассислари ҳамда маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этди. Семинар иштирокчиларига ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатишнинг замонавий усуллари, аудиторияга мос контент тайёрлаш, расмий саҳифаларни профессионал юритиш, ахборот хуружлари шароитида ишлаш каби масалалар бўйича амалий тавсиялар берилди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар кенг қамровли ахборот майдонига айланган бўлиб, унинг давлат органлари нуфузини ошириш ва жамоатчилик билан доимий мулоқотни таъминлашдаги аҳамияти алоҳида ўрин тутмоқда. Зеро, Кенгашлар томонидан қабул қилинаётган қарорлар, депутатлик назорати жараёнлари, комиссиялар фаолияти, аҳоли мурожаатларига тааллуқли ишлаш каби йўналишлар жамият учун катта қизиқиш уйғотади. Уларнинг ўз вақтида, очиқ ва аниқ ёритилиши фуқароларнинг вакиллик органларига бўлган ишончини оширади, фаол фуқаролик позициясини шакллантиради.

[gallery-26378]

Иштирокчиларга Кенгашлар Telegram каналлари фаолиятининг ҳозирги ҳолати таништирилди. Айрим ҳудудларда учраётган ахборот бўшлиқлари таҳлил қилинди ва уларни бартараф этиш бўйича амалий ечимлар муҳокама этилди. Ахборот сиёсатини тўғри йўлга қўйишда тезкорлик, мақсадли аудиторияни тўғри танлаш, визуал контент сифати ва манбаларнинг ишончлилиги каби омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилди.

– Ижтимоий тармоқлар орқали берилган ҳар бир аниқ ва холис ахборот бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатига қўшилган ҳиссадир, – дейди Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши котибияти мудири Насибахон Тойчиева. – Депутатлик сўрови, сессия ёки комиссия йиғилиши бўладими, ҳар бир жараён халқ учун очиқ ва тушунарли ёритилиши зарур. Бу имидж ёки реклама эмас, балки жамият олдидаги масъулият, фуқаролар билан адолатли мулоқот маданиятидир. 

Тадбирнинг амалий қисмида ахборот материалларини тайёрлаш ва тарқатиш жараёнларида йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар мисоллар орқали кўриб чиқилди, иштирокчилар ўз ҳудудларидаги муаммолар ва тажрибалар билан ўртоқлашди. Семинар якуни бўйича аниқ вазифалар белгилаб олиниб, яқин истиқболда ижтимоий тармоқларда Кенгашлар фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Бу каби ўқув семинарлари маҳаллий Кенгашлар ахборот сиёсатида янги босқични бошлаб бериши, жамоатчиликка очиқ ва тезкор ахборот етказиш жараёнларини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Фахриддин Убайдуллаев,

Зуҳриддин Умрзоқов (фото), ЎзА