Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кенгашга энди ҳоким раис бўлмайди
10:32 / 2025-12-30

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида депутат Қаршиев Зайниддин Абдувалиевич Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси этиб сайланди.

Янгиланган Конституциямизнинг 120-моддасида Халқ депутатлари Кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилиши, вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида Халқ депутатлари Кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.  

2024 йил октябрь ойида ўтказилган сайловда янгидан шаклланган халқ депутутлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига аввалгидек ҳокимлар эмас, депутатлар орасидан раис сайланди. 2026 йилдан мазкур тартиб халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида ҳам жорий этилади. Шу муносабат билан айни пайтда маҳаллий Кенгашларга раис сайланмоқда.

Жумладан, Самарқанд вилоятидаги халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг сессияларида ҳокимларнинг Кенгашга раислик қилиш ваколати тугатилиб, депутатлар орасидан раислар сайланмоқда. Раис Кенгаш ишига ўзининг доимий фаолиятидан ажралмаган ҳолда бошчилик қилади. Самарқанд шаҳар Кенгаши раислигига сайланган Зайниддин Қаршиев Тошкент ахборот технологиялари университети Самарқанд филиали директори ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари 26 декабрь куни Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномасида конституциявий ислоҳотлар доирасида вилоят ҳокимлари ва маҳаллий Кенгашлар раислари лавозимлари бир-биридан ажратилгани кутилган самара берганини таъкидлаб, энди бу тизим 2026 йил 1 январдан 208 та туман ва шаҳарда ҳам йўлга қўйилиши ҳамда ҳокимлар ва ижро идораларидан Кенгашларга муносабатни мутлақо ўзгартиришни талаб қилишини қайд этганди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири