Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кенгашда муҳим масалалар муҳокамаси
09:15 / 2025-06-18

Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да бўлиб ўтган халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг навбатдаги ўн иккинчи сессиясида вилоятдан сайланган сенаторлар, депутатлар, мутасадди ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, депутат Солижон Мўминов олиб борди. 

Сессияда Наманган вилоятида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, маҳаллий бюджет ижроси, инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга қаратилган долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Даставвал, туризм соҳасида амалга оширилган ишлар ва ривожланиш дастурлари юзасидан ахборот берилди. Қайд этилганидек, 2025 йилнинг январь-май ойларида Наманган вилоятига 464 минг 960 нафар хорижий ҳамда 2 миллион 501 минг 400 нафар маҳаллий туристларнинг ташрифи кузатилиб, бу борада белгиланган режа икки баробар ортиғи билан бажарилди. Ўтган даврда сайёҳлар сонининг кескин ортиши, уларнинг қолиш муддатлари чўзилиши ва хизматлар учун амалга оширган харидлари ҳисобига вилоятнинг туризм экспорти 125 миллион 54 минг АҚШ долларини ташкил этди.

Бундан ташқари сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2024 йил учун хулосалари, бюджетда аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари атрофлича муҳокама қилинди. Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг 2024 йилдаги ижроси бўйича ҳисоботи тўғрисидаги масала юзасидан республика Ҳисоб палатаси масъул ходими Исломжон Икромов сўз юритди.

Наманган вилояти маҳаллий бюджетининг ўтган йилдаги ижроси ташқи аудит ва баҳолашдан ўтказилди. Аудит натижасида айрим камчиликлар ва услубий хатолар аниқланган. Жумладан, бюджет даромадларининг айрим турлари бўйича тушумлар пасайиши, прогноз кўрсаткичларига тўлиқ эришилмагани ҳамда қўшимча тушумларни жалб этиш имкониятлари тўлиқ ишга солинмагани қайд этилди.

Шунингдек, сессия ишида Наманган вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси кўриб чиқилиб, унга зарур ўзгартиришлар киритилди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида инфратузилмавий чора-тадбирлар ҳамда “Долзарб 90 кунлик” дастури доирасида Чортоқ туманидаги тиббиёт объектларининг манзилли дастури тасдиқланди. Шу йилнинг биринчи чорак натижалари бўйича “Наманган вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури” ижроси кўриб чиқилиб, унга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ер ва мулк масалалари, ичимлик суви таъминоти ва таърифлар юзасидан таклифлар муҳокама қилинди.

Сессияда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Абдулходи Иминов таъкидлаб ўтганидек, Президентимиз ташаббуси билан таълим ва соғлиқни сақлаш муассасалари учун эълон қилинган “Долзарб 90 кунлик” доирасида Чортоқ туманида аҳоли саломатлиги йўлида 14 банддан иборат ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасини амалга ошириш йўлида тиббиёт масканларида қурилиш-бунёдкорлик ва рақамлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджетдан 10 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Очиқ муҳокамалар ва самарали фикр алмашуви руҳида ўтган сессияда Олий Мажлис Сенати қарорларига асосан депутат дахлсизлиги масаласини кўриб чиқиш, вилоят Кенгаши ваколатлари ва функцияларини аниқлаштириш ҳамда уларнинг ягона реестрини юритиш тартиби белгилаб олинди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.