Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгашининг IX ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.
Унда вилоят Кенгашининг 2020-2024 йиллардаги фаолияти ҳамда келгусидаги устувор вазифалар, шунингдек, Кенгаш тафтиш комиссиясининг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Таъкидланганидек, 2020 йилда касаба уюшмалари аъзолари сони 181 минг 247 нафардан 2024 йилда 270 минг 748 нафарга кўпайди. 2024 йилнинг ўзида олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида 40 мингдан ортиқ ходим касаба уюшмасига бирлаштирилди.
2020 йилда корхона, ташкилот ва муассасаларда қабул қилинган жамоа шартномаларининг бандлари 95,2 фоизга бажарилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсаткич 97,9 фоизга етди.
[gallery-24207]
Касаба уюшмаларида Меҳнат инспекциясининг қайта тикланиши ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал этилиши устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим омил бўлди. Улар томонидан иш берувчиларга киритилган 276 та кўрсатма асосида 1400 нафар ходимнинг ҳуқуқлари тикланиб, қарийб 1,8 миллиард сўмлик маблағлари ундириб берилди. Шунингдек, иш берувчи томонидан рад этилган ва низо келиб чиққан ҳолатлар юзасидан судларга киритилган 148 та даъво аризалардан 128 таси судлар томонидан қаноатлантирилди. Натижада фуқаролар фойдасига жами 2 миллиард 490 миллион сўмдан ортиқ моддий ва маънавий зарарлар ундирилди.
Ҳисобот даврида 195 та корхона ва ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида жамоатчилик назорати ўтказилиб, 1856 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан иш берувчиларга 117 та кўрсатма киритилиб, ходимлар фойдасига 1 миллиард 688 миллион сўм миқдорида етказилган зарар ундирилди. Аммо олиб борилган амалий ишларга қарамасдан, ўтган беш йилда касаба уюшмасига аъзо ташкилотларда 70 та бахтсиз ҳодиса содир бўлган ва уларнинг 19 таси ўлим билан тугаган.
Вилоятда 2021-2024 йиллар давомида йил дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида 105,6 миллиард сўм маблағ сарфланган бўлса, унинг қарийб 64,8 миллиард сўми касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан, қолган қисми эса иш берувчилар маблағлари ҳисобидан сарфланди.
Ёпиқ-яширин овоз бериш йўли билан ўтказилган жараёнда амалдаги Кенгаш раиси Назира Тоғаева яна 5 йил муддатга қайта сайланди.
Шунингдек, тадбир давомида Кенгаш раиси ўринбосари, Ижроия қўмитаси аъзолари, тафтиш комиссияси раиси ва унинг аъзолари ҳам сайлаб олинди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг IX Қурултойига ва Бош кенгаш таркибига вакиллар тасдиқланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари