French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кенг, равон йўллар фойдаланишга топширилди
15:15 / 2025-07-28

Мустақиллик мамлакатимизнинг йўл инфратузилмасини тубдан янгилаб, маҳалла ва қишлоқларда ҳам кенг, равон йўллар барпо этишга қулай имконият яратди. Эндиликда нафақат халқаро ва маҳаллий аҳамиятдаги, балки ички хўжалик йўллари ҳам замонавий қиёфада бўй кўрсатмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқ қабул қилинган дастур доирасида Сурхондарё вилоятида ҳам ички йўлларни таъмирлаш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шунга мувофиқ воҳада бюджет маблағлари ҳисобидан бу йил Термиз шаҳри ва ҳар бир туман ҳудудида 20 километрдан жами 300 чақирим йўл таъмирланаётир.

Термиз шаҳридаги Нурли келажак маҳалласининг Гулшан, Жўйжангал маҳалласининг Тагор, Маърифат маҳалласининг Тохаристон кўчаларидан 20 километр йўл тубдан таъмирланиб, транспорт воситалари ва аҳоли ҳаракатланиши учун барча шароит яратилди. 

Янгидан асфальт тўшалиб, равонлашган, тунги чироқлар ўрнатилиб, пиёдалар йўлакчалари барпо этилган йўллар нуронийлар, маҳаллалар фаоллари ва жамоатчилик вакиллари иштирокида фойдаланишга топширилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов кейинги йилларда Президентимиз ғамхўрлиги билан жойларда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва фаровонлигини таъминлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади. Инсон қадрини улуғлашга қаратилган бундай улуғ амаллар ўз-ўзидан бўлмаётгани, бунинг учун катта маблағ сарфланиб, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашига замонавий қулай шароитлар яратилаётганини қайд этди. 

Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда инфратузилмани яхшилаб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш юзасидан берган топшириқлари ижроси доирасида мазкур йўлларни таъмирлаб, реконструкция қилишга бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Холмўмин Маматрайимов,

ЎзА мухбири