Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кенг кўламли назорат тадбирлари ўтказилди
17:32 / 2025-12-23

Сирдарё вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Рашид Қуронбаев раҳбарлигида Гулистон шаҳридаги бозор ҳудудларида кенг кўламли назорат тадбирлари амалга оширилди.

Тадбирларда Гулистон ҳарбий прокурори, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарияти ва тегишли идоралар вакиллари ҳам фаол иштирок этишди. Ўрганишларда асосий эътибор одамлар гавжум бўладиган савдо марказлари ҳамда умумий овқатланиш шохобчаларида ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилди.

Ушбу назорат тадбирлари 2 декабрь куни бозорлардан бирида содир бўлган газ портлаши оқибатида келиб чиққан нохуш ҳолатлардан сўнг ташкил этилди. Ўша кунги ҳодиса натижасида 29 нафар фуқаро жабрланиб, улардан 26 нафари шифохонага ётқизилган, 3 нафари эса амбулатор тарзда даволанган, афсуски 3 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган эди.

Ўрганишларда суюлтирилган ва сиқилган газ баллонларидан фойдаланишнинг хавфлилиги, ёнғин-қутқарув автомобилларининг ҳаракатига тўсқинлик қилувчи сунъий тўсиқларни олиб ташлаш зарурлиги каби масалалар алоҳида кўриб чиқилди. Шунингдек, бозорларда ёнғин хавфсизлиги бўйича масъул шахсларга аниқ топшириқ ва вазифалар берилди.

Сирдарё прокуратураси ва ҳамкор идоралар аҳоли саломатлиги ва мол-мулк хавфсизлигини таъминлаш борасида назоратни мунтазам давом эттиришларини маълум қилди. Бу тадбирлар шаҳардаги савдо марказлари ва овқатланиш муассасаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш, ёнғин хавфини олдини олиш ва фавқулодда вазиятларга тезкор реакция қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги айтиб ўтилди.

Шу билан бирга, ҳодисаларни олдини олиш ва хавфсизлик чораларини кучайтириш орқали аҳоли тинчлиги ва саломатлигини сақлаш, қиш ойини беталафот ўтказиш ҳамда янги йилни муносиб кутиб олиш учун барча зарур чоралар кўрилаётгани таъкидланди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири