Тўйлар, албатта, яхши ниятда қилинади. Тўйдан кейин ўғил уйлантирилган хонадон файзга тўлади.
Бироқ, ҳаёт бир текис эмас. Турмуш қураётган йигит ва қизларнинг ҳаммаси ҳам бир-бирини тушуниб, бахтли яшаб кетавермайди.
Мабодо ўртада ажрим бўлса, кўпинча келин томон қизининг шахсий мулки бўлган буюмларини куёв томондан қайтариб олишга қийналади.
Бу эса бир оилага нафақат руҳий, балки моддий жиҳатдан ҳам зарба беради. Қонунлар эса шахснинг барча ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Мажбурий ижро бюросига келиб тушган суд ҳужжатида фуқаро Л.П. турмушидан ажрашганидан сўнг келин бўлиб борган уйидан 35 турдаги шахсий мол-мулкини қайтариб ололмагани акс этган. Суд қарорида эса унинг барча мулкларини олиб бериш кўрсатилган.
Давлат ижрочиси ушбу ижро ҳужжати асосида ишга киришиб, қарздор билан музокаралар олиб борди. Зарур ижро ҳаракатлари амалга оширилди. Холислар иштирокида ҳужжатда кўрсатилган барча мол-мулк хатловдан ўтказилиб, ундирувчига қайтариб берилди.
МИБ ходимларининг тезкор ва қонуний ҳаракатлари натижасида фуқаро ўз қонуний мулкини тўлиқ қайтариб олишга муваффақ бўлди.
Келинлар билан боғлиқ яна шундай ҳолатлар борки, ажримдан кейин уларни уйга киритмасликка ҳаракат қилинади. Ваҳоланки, кўп ҳолларда улар шу хонадонга келиб фарзандлар кўрган бўлади.
Қонунчиликка кўра, уй-жой мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшовчи шахслар, агар кўчириб келтирилган пайтда бошқа ҳол ёзма равишда қайд этилмаган бўлса, уйдаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, улар мулкдор томонидан берилган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритиш ҳуқуқига ҳам эга. Агар бундай шахслар уй-жой мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларнинг турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланади.
Мажбурий ижро бюроси ахборот хизматидан маълум қилишларича, вояга етмаган фарзандлари бўлган ёш оналарни аввал яшаб келган уйига киритиб қўйиш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари амалиётда кўп учрайди.
Жиззахлик фуқаро С.Ж.ни уйга мажбурий тартибда киритиш ҳақидаги ижро ҳужжати давлат ижрочиси томонидан маҳалла раиси ва масъул ходимлар билан ҳамкорликда амалга оширилган. Фуқаро С.Ж.нинг суд қарорида кўрсатилган уйга киритилиши таъминланди.
Суд қарори асосида, қолаверса, мажбурий ижро бюроси ходимлари саъй-ҳаракатлари билан шахсларнинг, хусусан, келинларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА