English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келгуси йилги Давлат бюджети харажатларининг 50 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади
23:31 / 2022-12-19

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан молия вазири Т.Ишметов  маъруза қилди:  

— 2023 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 1068,0 триллион сўмни, Давлат бюджети даромадлари 232,1 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 21,7 фоиз даражасида бўлиши кутилмоқда. 2023 йилда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини 4,5 миллиард доллар ҳамда ички облигацияларни муомалага чиқаришнинг юқори чегарасини 17,0 триллион сўм қилиб белгилаш таклиф этилмоқда. Ўзбекистонда 2022 йилда инфляция даражаси 12-12,3 фоиз атрофида бўлиши, 2023 йилда 9,5 фоизгача пасайиши кутилаяпти.  

2023 йилги Давлат бюджетининг харажатлари 257,7 триллион сўм дея прогноз қилинмоқда. Ушбу харажатларнинг 50 фоизи ёки 130 триллион сўми ижтимоий соҳа учун кўзда тутилмоқда. Жумладан, таълим соҳасига 23 фоиз (2022 йилга нисбатан 16 фоиз кўп) маблағ йўналтирилади. Нодавлат мактабгача таълим муассасалари учун 2 триллион 259 миллиард сўм, янги дарсликлар учун 920 миллиард сўм йўналтирилади. 2023 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 28 триллиондан ортиқ маблағлар кўзда тутилган. Жумладан, онкология ёрдамини такомиллаштириш харажатларига 138 миллиард сўм, 905 минг боланинг вакцинацияси учун 205 миллиард сўм, аҳолини тиббий ҳимоя қилиш ва коронавирусга қарши курашиш тадбирларига 523 миллиард сўм йўналтириш кўзда тутилмоқда.    

Ижтиомий ҳимоя йўналишига 33 триллион 67 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун 18 триллион 67 миллиард сўм кўзда тутилмоқда.  

Ташаббусли бюджет лойиҳаларига жами 8 триллион сўм йўналтириш режалаштирилмоқда, — деди молия вазири.  

Қайд этилганидек, бюджет ҳисобдорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан вазирлик ва идораларнинг улар учун ажратилган бюджет маблағларидан фойдаланиш юзасидан даврий ҳисоботларини тинглаб бориш тартиби жорий қилиш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, 2023 йил учун маҳаллий бюджетлар баланслилигини таъминлаш мақсадида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғидан тушумларнинг Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳри учун ўтказиб бериладиган қисмлари қайта кўриб чиқилиши режалаштириляпти.  

Мажлисда бош молиявий ҳужжат лойиҳаси қизғин муҳокама қилиниб, депутатлар қатор саволлар билан ҳукумат вакилларига мурожаат қилдилар. Жумладан, депутат Иномжон Қудратов талабалар турар жойларини барпо этиш учун давлат бюджетидан 284 миллиард сўм ажратилишини таъкидлаб, бу борада қандай чоралар кўрилаётгани, аниқ “Йўл харитаси” ишлаб чиқилганми-йўқми, маблағларни ўз вақтида ўзлаштириш масалалари билан қизиқди.  

Бунга жавобан Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов қуйидагиларни таъкидлади:  

— Бугунги кунда давлат-хусусий шерикчилик асосида 36 та талабалар турар жойларини барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. 2023 йилги лойиҳалар бўйича тадбиркорлардан талаблар келиб тушган ва бу борада ишлар олиб борилади.    

Шунингдек, йиғилишда Давлат бюджети лойиҳаси бўйича ҳар бир фракция ўз муносабатларини билдирди.  

Қизғин баҳс-мунозара ва савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.  

Шунингдек, йиғилишда “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.  “Фармацевтика соҳаси такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эса биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланди.  

Муҳтарама Комилова, ЎзА