Ўзбекистон Марказий банкидан маълум қилишларича, жорий йилнинг ноябрь ойида иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди.
Иқтисодиётда асосий ставканинг пасайтирилиши, мақбул фоиз ставкалари механизмининг жорий этилиши, мажбурий захиралаш меъёрларининг юмшатилиши ва ликвидлик тақдим этиш бўйича Марказий банк пул-кредит операциялари ҳажмининг ортиши фонида пул-кредит шароитларининг нисбатан юмшаб бориши давом этди.
Октябрь ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 19,2 фоизгача пасайди. Январь-ноябрь ойларида тижорат банклари 112,2 триллион сўмлик кредит ажратди. Юридик шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича ўртача фоиз ставкалари 14,2 фоиз, жисмоний шахслар учун эса 17 фоиз даражасида шаклланди.
Ушбу даврда банк тизимидаги депозитлар ўсиши сақланиб қолди. Хусусан, жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида миллий валютадаги депозитлар 16 фоизга, жумладан, жисмоний шахсларнинг депозитлари 22,5 фоизга кўпайди.
Бунда хорижий валютага бўлган талаб тренди миллий валюта курси шаклланишининг асосий омили бўлди. Шу сабабли, қатъий карантин шароитларида ҳам валюта курси нисбатан барқарор бўлди ва иқтисодий фаолликнинг тикланиши шароитида чет эл валютасига бўлган кечиккан талабнинг намоён бўлиши билан девальвация суръатининг бироз тезлашиши кузатилди. Хусусан, карантиндан кейинги август-ноябрь ойларида миллий валюта курси 2,2 фоизга қадрсизланди.
Жорий йил ноябр ойи якунлари бўйича, сўмнинг реал самарали алмашув курси ижобий тафовути қисқариб, ўзининг фундаментал трендига яқин даражада шаклланди.
Келгуси ойларда иқтисодиётда инфляцияни оширувчи хатарлар эҳтимоли паст даражада сақланиб қолмоқда. Асосий хатарлар озиқ-овқатлар бозоридаги қисқа муддатли тенденциялар билан боғлиқ. Жумладан, мавсумий омиллар, рақобат шароитлари, жаҳон озиқ-овқат бозорлари конъюнктураси таъсирида уларнинг нархи қимматлашиш яқин келажакда инфляцияни оширувчи хатар сифатида қаралмоқда.
Шу нуқтаи назардан, ички бозорда товарлар таклифининг зарур ҳажмини барқарор даражада таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунда ушбу товарлар гуруҳи учун тариф ва нотариф чекловларни юмшатиш орқали муҳим истеъмол товарлари нархларининг янада пасайишига эришиш имконияти мавжуд.
Айрим тармоқларда нархларнинг кўтарилишига ишлаб чиқарувчиларни энергия ресурслари билан таъминлашдаги узилишлар сабабли харажатларнинг кўпайиши ва ишлаб чиқаришнинг вақтинча тўхташи сабаб бўлиши мумкин. Иқтисодиётда кредит юки ўсиш суръатларининг тезлашиши кузатилмоқда. Йил якуни бўйича ушбу кўрсаткичнинг ЯИМга нисбатан 48-50 фоизгача етиши кутилмоқда, 2017 йил охирида ЯИМга нисбатан 35-37 фоиз атрофида шаклланган.
2020 йил якуни бўйича йиллик инфляция даражасининг 11-11,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Асосий сценарий бўйича 2021 йилда инфляция даражасининг йиллик 9-10 фоиз оралиғида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Марказий банк ташқи ва ички шароитлар таъсирида инфляциянинг омиллари ва хатарлари моҳиятини синчковлик билан ўрганишни давом этади ва инфляциянинг прогноз динамикасидан келиб чиқиб асосий ставка бўйича тегишли қарорларни қабул қилади.
ЎзА