Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келгуси йилда бажариладиган ишлар белгилаб олинди
15:49 / 2025-12-25

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида келгуси 2026 йилги экин мавсуми учун замонавий агротехнологиялар, юқори ҳосилдорликни таъминлаш ва сув ресурсларидан тежамкор фойдаланишга қаратилган вазифалар белгилаб олинди.

Бу ҳақда туман ҳокими вазифасини бажарувчи Олимжон Жўраев раҳбарлигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Йиғилишда таъкидланишича, 2025 йилда амалга оширилган агротехник тадбирлар юқори самара берди. Жумладан, 7 500 гектарда ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик 50–60 центнерга етди. Шу билан бирга, 7 000 гектарда чигит экилиб, майдонларнинг 45 фоизида замонавий Хитой навлари қўлланилди. Ушбу чора-тадбирлар натижасида ўтган йилга нисбатан кўпроқ, яъни 31 минг тонна пахта хомашёси тайёрланди.

Кириб келаётган 2026 йилда чигит экилган майдонларнинг 70 фоизини “Шинжон” технологияси асосида қайта ташкил этиш белгиланган. Мутахассислар фикрига кўра, ушбу технология пахтадан ўртача 60 центнер ҳосил олиш имконини яратади.

Янги мавсумда сув тежовчи технологияларни жорий этиш устувор йўналиш сифатида белгиланди. Қарорга кўра, 7 минг гектарда томчилатиб, 750 гектарда ёмғирлатиб суғориш тизимлари ишга туширилади. Бу орқали 10 минг 300 куб метргача сув тежаш мақсад қилиб қўйилган. Мутахассислар бу амалий қадам сув сарфини камайтириш билан бирга, далалардаги ҳосилдорликнинг барқарор ўсишига хизмат қилишини қайд этдилар.

Шунингдек, йиғилишда агротехник тадбирларни ўз вақтида ва тўғри бажариш, тупроқ унумдорлигини сақлаш, замонавий ўғитлаш ва қишлоқ хўжалиги ресурсларидан самарали фойдаланишнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Мутахассислар “Шинжон” технологиясининг афзалликлари ҳамда унинг ҳосилдорликка бевосита таъсири ҳақида батафсил маълумот берди.

Фермерлар, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари йиғилишда иштирок этиб, 2026 йилги экин мавсумини ташкил этишдаги муаммо ва таклифларини билдиришди. Уларнинг таъкидлашича, туманнинг аграр салоҳияти юқори бўлиб, белгиланган чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилса, ҳосилдорлик ва экспортбоп маҳсулотлар ҳажми сезиларли даражада ошади.

Йиғилиш якунида барча мутасаддилар зиммасига аниқ вазифалар юкланди. Ҳар бир қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланиб, масъуллардан келгусидаги ишларнинг ўз вақтида ва сифатли ижроси талаб этилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири