Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келгуси йил ҳосили учун барака уруғи қадалди
15:36 / 2025-09-09

Оқолтин туманида деҳқон ва фермерлар учун ҳақиқий амалий дарс бўлган кўргазмали семинар ташкил этилди. Тадбирда ғўза майдонларини дефолиация қилиш, пахта йиғим-теримини самарали уюштириш ҳамда 2026 йил ҳосили учун кузги ғалла экишнинг энг муҳим жиҳатлари амалиёт билан уйғун ҳолда кўрсатиб берилди.

Семинарда деҳқон-фермер хўжаликлари вакиллари, тажрибали агрономлар ҳамда “Ифода” компанияси мутахассислари иштирок этиб, дефолиантлардан фойдаланишнинг афзалликлари ва хавфсиз қоидалари юзасидан кўргазмали машғулот ўтказди. Мутахассислар юқори ҳосил олиш учун ғўза баргларини қисқа вақт ичида ва сифатли равишда тўкиш муҳимлигини таъкидлади. Шу мақсадда туманда 38 та пуркагич тайёр ҳолатга келтирилиб, зарур кимёвий воситалар захираси яратилди.

Келгуси йил ҳосили учун эса 12 минг гектар майдонга кузги бошоқли дон экилиши белгиланди. Агрономлар навларни тўғри жойлаштириш, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш ва ҳосилдорликни оширишга хизмат қиладиган тавсиялар берди. Бу ишларга 70 та юқори унумли техника, 80 та қатор орасига ишлов берувчи ва 30 та минерал ўғит сепувчи мослама бириктирилди.

– Бугунги семинарнинг аҳамияти катта. Бу деҳқон ва фермерларимиз учун амалий мактаб, тажриба алмашиш имкониятидир. Ҳар бир тавсия ва кўргазмали машғулот келгуси йил ҳосилини кўпайтириш, деҳқон ва фермерларимизнинг даромадини ошириш, аҳолининг дастурхонини тўкин, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади, – деди туман Фермерлар Кенгаши раиси Акбар Тангиров.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири