Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб 2026 йил пахта ҳосили учун уруғлик чигит тайёрлаш бўйича белгиланган режалар асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, келгуси йил ҳосили учун жами 45 минг 500 тонна уруғлик чигитни тозалаш-саралаш, 19 минг 900 тоннасини туксизлантириш ҳамда 27 минг 900 тоннасини дорилаш ишлари режалаштирилган.
Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази матбуот хизмати раҳбари Чарос Омонова иштирокида ўтказилган брифингда маълумот берилди.

Тозалаш-саралаш ишлари асосан ноябрь-январь ойларида, хорижий навлар бўйича эса ноябрь-декабрь ойларида амалга оширилади. Дорилаш ишлари эса декабрь-февраль ойларида якунланиши режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар уруғлик тайёрлаш корхоналари томонидан 8 минг 700 тонна, яъни режанинг 19,2 фоизи миқдорида уруғлик чигит тозалаб, сараланди. Шунингдек, 505 тонна уруғлик чигит туксизлантирилиб, 587 тоннаси дориланди.
Хорижий нав уруғлик чигитлари ҳудудларда мавжуд бўлган 9 та лазерли фотосепаратор билан жиҳозланган замонавий уруғлик тайёрлаш корхоналарда туксизлантирилиб, сараланмоқда ҳамда дориланиб, белгиланган тартибда қадоқланмоқда. Уруғлик чигитни белгиланган муддатларда тайёрлаш унинг тиним даврини тўлиқ ўташига, шунингдек, экинбоплик сифат кўрсаткичларининг яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Шу билан бирга, жорий йилда тайёрланадиган уруғлик чигитни қадоқлаш учун 1 миллион 197 минг дона қоғоз қоп, шунингдек, қишлоқ хўжалиги зараркунандалари ва касалликларига қарши курашиш мақсадида 83 тонна кимёвий препаратларга эҳтиёж мавжуд. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтининг тавсияларига мувофиқ, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда хусусий уруғчилик хўжаликлари томонидан илдиз чириш, гоммоз, шира, трипс ва бошқа касаллик ҳамда зараркунандаларга қарши замонавий кимёвий воситалардан фойдаланилмоқда.
Уруғлик чигит тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ушбу ишлар 2026 йил ҳосили учун сифатли ва рақобатбардош уруғлик захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА