Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилади
11:32 / 2025-12-29

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминламай туриб, фуқаро ва тадбиркорлар ҳуқуқининг ишончли тикланишига эришиб бўлмаслиги қайд этилди. Шу боис, мажбурий ижро жараёнига самарали муқобил механизмлар киритилиши, натижада соҳага сунъий интеллект жорий этилиб, келгуси икки йилда ижро ҳаракатларининг 30 фоизи инсон омилисиз амалга оширилиши таъкидланди.

Мурожаатномада ижро тизимига эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки қарорлар ижроси амалда таъминлангандагина кўзланган мақсад амалга ошади.

Шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов қуйидагиларни қайд этди:

– МИБ органлари томонидан ижро ҳаракатларини амалга ошириш вақтида ижро ҳужжатлари юзасидан қарздорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали давлат органлари ва ташкилотларнинг барча ахборот тизимлари ҳамда маълумотлар базаларини интеграция қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда.

Бюронинг “MIB portal” дастури 39 вазирлик, идора ва ташкилотларнинг 68 ахборот тизимига интеграция қилинган. Шу билан бирга, судлар ва 52 маъмурий органдан ижро ҳужжатларини  электрон тарзда қабул қилиш йўлга қўйилди.

Бугунги кунда ижро соҳасига IT - технологияларнинг кенг жорий этилиши натижасида 36 ижро ҳаракатидан 22 таси “MIB portal” дастури орқали амалга оширилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида ижро иши доирасида қабул қилинган 95 миллион қарордан 63 миллионтаси ёки 66 фоизи инсон аралашувисиз автоматик тарзда қабул қилинди.

Ҳар бир ижро ҳаракати, шу жумладан, қўлланилган чекловлар ҳақида қарздорларни автомат тарзда хабардор қилиш тизими йўлга қўйилиб, жорий йилда 76 миллион “SMS- хабарнома” автоматик   тарзда фуқароларга жўнатилди. 

Ижро жараёнида қарздорлар мол-мулкларни бегоналаштириш орқали тўловлардан бўйин товлашининг олдини олиш мақсадида мулкларни аниқлаш, уларга тақиқ қўйиш, транспортларга қидирув эълон қилиш, юридик шахсларнинг ҳисоб-варақларига инкассо ва   банд қўйиш амалиёти автоматлаштирилди.

Ўтган даврда инсон аралашувисиз қарздорларга тегишли 17,2 миллион мулкка тақиқ, ҳисоб-варақларга 1,8 миллион банд, 669 минг инкассо қўйилди ва 2,1 миллион транспортга қидирув эълон   қилинди.

Қарздорларни ортиқча овора қилиш ва давлат ижрочиси билан мулоқотининг олдини олиш мақсадида электрон тўлов тизимлари орқали қарздорлик бартараф этилганида қўлланилган чеклов ва   тақиқлар бекор бўлиши автоматлаштирилди.

Ўтган даврда электрон тўлов тизимлари орқали 17 триллион  сўм ундирилиб, қўлланилган 200 мингта чеклов инсон омилисиз   бекор қилинди.

Шунингдек, қонуний асослар мавжуд бўлганда, яъни қарздор электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни амалга оширганда, ҳужжатларни инсон омилисиз тамомлаш йўлга қўйилди.

Қарздорларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштирилган даромадларини аниқлаш ҳамда ундирувга қаратишнинг онлайн тизими жорий этилиб, 723 минг ижро ҳужжати бўйича қарздорларнинг даромадларидан 277 миллиард сўм ундирилди.

Бундан ташқари, ижро ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш жорий қилиниб, ижро ишлари бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қўлланиладиган процессуал ҳужжатларнинг ягона электрон шакли ишлаб чиқилган.

Шу билан бирга, давлат ижрочилари планшет воситалари билан   таъминланиб,   шу  орқали давлат ижрочиси ҳудудда юрган вақтида иш юритувидаги ижро ишлари ҳақидаги маълумотларни   онлайн режимда олмоқда.

Бюро органлари томонидан Президентимиз билдирган фикрлардан келиб чиқиб, ижро ҳаракатларини инсон омилисиз амалга ошириш, фуқароларга интерактив хизматлар орқали қулайлик яратиш, соҳани янада рақамлаштириш борасидаги ишлар янада кенгайтирилмоқда.

Норгул Абдураимова,

ЎзА