Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келгуси беш йил ичида 120 миллиард доллар миқдорида инвестициялар жалб қилиш белгиланган
16:27 / 2022-05-13

2026 йилда республика экспорти ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бунга маҳаллий ишлаб чиқаришнинг рақобатбардош маҳсулотларини чет элга етказиб беришни кенгайтириш ва фойдаланилмаган захираларни ишга солиш ҳисобига эришилади.

Бу ҳақида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.

Анжуман Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» Давлат дастурининг жорий йилнинг ўтган даври мобайнидаги ижроси тўғрисида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ташкил этилди.

Маълумки, 2022 йил январь ойида «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси» қабул қилинди. Ҳужжатда жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда кенг кўламлилик ва самарадорликка ҳамда эзгу шиор - инсон қадри ва манфаатларини қадрлашга устуворлик берилган. Хусусан, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида комплекс тадбир ва ташаббусларни амалга ошириш белгиланган.

Матбуот анжуманида жорий йилнинг биринчи чораги якунларига кўра фармацевтика саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни кўзлаб “Tashkent Pharma Park” инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери негизида биотехнологик кластер ташкил этиш юзасидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги айтиб ўтилди. Бундан ташқари, бюджет ва корпоратив буюртмачиларни тармоқлараро саноат ярмаркаларида иштирок этишга кенг жалб қилиш бўйича чора-тадбирларини белгилаб берувчи Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Шу билан бирга, геология-қидирув ишлари ҳажмини тубдан ошириш, соҳага хусусий инвесторлар ва илғор хорижий компанияларни кенг жалб қилиш бўйича республикада мавжуд углеводород конларида, шу жумладан, «Ўзбекнефтгаз» АЖга бириктирилган объектларда геология-қидирув ишлари ва қазиб олишга жалб қилиш ҳолати таҳлил қилинди. Инвесторларга таклиф этиладиган геологик объектлар рўйхати шакллантирилди.

Мамлакат инвестициявий муҳитини янада яхшилаш ва жозибадорлигини ошириш, келгуси беш йил ичида 120 миллиард доллар миқдорида инвестициялар, шу жумладан, 70 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб қилиш устувор йўналиш сифатида белгилаб қўйилган.

Қўшимча капитални жалб қилиш борасида жорий йилнинг 24-26 март кунлари Тошкентда ўтказилган Биринчи Тошкент халқаро инвестиция форумини тилга олмаслик мумкин эмас. Унда 2000 дан ортиқ иштирокчилар, шу жумладан, 56 мамлакатдан йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашди. Форум натижасида 7,8 миллиард долларлик аниқ келишилган инвестиция шартномалари имзоланди. Умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.

Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги келишувга кўра «Агроэкспресс» лойиҳаси доирасида «яшил коридор» ташкил этилган ва темир йўл транспорти тарифларига 65 фоизгача имтиёзлар ўрнатилди.

Матбуот анжумани якунида савол-жавоблар сессияси бўлиб ўтди. Унда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

ЎзА