Ўзбекистонни 2030 йилгача электр энергия билан таъминлаш концепциясига асосан қайта тикланувчи энергия манбалари улуши умумий элекр энергия ишлаб чиқаришнинг 30 фоизини ташкил этиши кўзда тутилган. Энергетика вазирлигига кўра, 2030 йилгача бу 12 гегаваттгача чиқиши, унинг 7 гегаватти қуёш ва 5 гегаватти шамол энергетикаси ҳиссасига тўғри келади.
Албатта, тизимда бу каби кўрилаётган чора-тадбирлар бежиз эмас. Негаки, қуёш ва шамол электр энергияси Ўзбекистон учун ниҳоятда самарали. Юртимизнинг географик жойлашуви айнан шамол ва қуёш электр энергияси учун жуда мосдир.
Ана шундай имкониятларлардан келиб чиқиб, 2027 йил якунига қадар юртимизда умумий қуввати 4 400 МВт бўлган 10 та шамол электр станцияси ишга туширилади.
–Ушбу лойиҳаларни амалга оширишдан мақсад нафақат электр энергияси барқарорлигини таъминлаш, балки экология ва атроф-муҳит зарарланишининг олдини олишга ҳам қаратилган. Келгуси тўрт йил ичида ишга тушириладиган шамол электр станциялари фаолияти юртимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш йўлида муносиб лойиҳалар ҳисобланади. Мазкур лойиҳалар қайси вақтда фойдаланишга топширишили бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, 2025 йилда (2023 йил якунида илк қувватлар) Томди туманида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станцияси ишга туширилиши кўзда тутилган. 2025 йилда Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида умумий қуввати 1000 МВт бўлган 2 та шамол электр станцияси ишга туширилади. Шунингдек, 2025 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида қуввати 100 мегаваттли, 2026 йилда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида туманида қуввати 600 мегаваттли ва 2027 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот туманида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 3 та шамол электр станцияси истеъмолчиларга “яшил” энергия етказиб бера бошлайди. Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида қуввати 500 мегаваттли шамол электр станциясининг ишга туширилиши ҳам 2027 йилга мўлжалланган, –деди Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, айни кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманида қуввати 200 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича тендер танлови давом этмоқда.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА