Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажакнинг тоғ-кон саноати: ресурслар ва стратегиялар
17:27 / 2025-10-28

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуасида Ўзбекистон халқаро кон-металлургия форуми бўлиб ўтди.

Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда “Congresses of Central Asia - CCA” халқаро компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда ҳукумат вакиллари, соҳа раҳбарлари, йирик ишлаб чиқарувчилар, инвесторлар, молия институтлари ва халқаро экспертлар иштирок этди.

Унда сўзга чиққан мутахассисларнинг фикрига кўра, келажакнинг тоғ-кон саноати инсоният тараққиётида муҳим стратегик йўналиш сифатида намоён бўлмоқда. Табиий ресурсларга бўлган глобал талаб ортиб бораётган бу шароитда минерал хомашёларни тежамкор қазиб олиш, қайта ишлаш ва улардан юқори технологияли маҳсулотлар яратиш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. 

[gallery-25951]

Бугун дунё мамлакатлари иқтисодий мустақиллик ва технологик тараққиётни таъминлашда тоғ-кон саноатининг ўрни беқиёс эканини англаб етмоқда. Шу боис, соҳага инновацион ёндашувлар, рақамли ечимлар ва барқарор ривожланиш тамойилларини жорий этиш замон талаби ҳисобланади. Мана шундай муҳим мавзуларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда халқаро экспертлар, соҳа етакчилари ва иқтисодий таҳлилчилар ўз фикрларини баён этди. 

Жумладан, “Dassault Systeme” компанияси вакили Ралф Смит ўз нутқида тоғ-кон саноати геосиёсий ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг муҳим омилига айланаётганини таъкидлади. 

– Ҳозирги кунда саноат соҳалари, жумладан, кончилик тармоғида рақамлаштириш ва виртуаллаштириш жараёнлари янги босқичга ўтмоқда. Замонавий технологияларни бир-бирига интеграция қилиш орқали виртуал моделлар яратиш, симуляция орқали стратегик ва ишлаб чиқариш қарорларини тез ва аниқ қабул қилиш имкониятини кенгайтиради. Виртуаллаштирилган ишлаб чиқариш платформалари реал вақтдаги маълумотлар асосида режалар ва стратегияларни доимий янгилаш, кундалик муаммоларни самарали ҳал қилиш имконини беради. Бугунги инновацион ривожланишнинг муҳим йўналишларидан бири интеллектуал мулкни сақлаш ва ундан фойдаланишдир. Сунъий интеллект бу жараёнда асосий воситалардан бири бўлиб, у мутахассисларнинг билим ва тажрибасини рақамлаштириш, корпоратив билимлар базасини яратиш ва инновацияларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар очади. Шу боис интеллектуал мулк рақобатбардошликнинг янги қадриятига айланиб, уни самарали бошқаришда AI муҳим ўрин тутмоқда, – деди Ралф Смит.

Форум якунида қайд этилганидек, рақамли технологиялар ва замонавий бошқарув ёндашувларини жорий этиш табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва барқарор ривожланишни таъминлашда ҳал қилувчи омилга айланмоқда. Бу эса келажакда рақобатбардош саноатни шакллантириш ва иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.

Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА