Тошкент молия институтида “Келажакка раxна солаётган иллатдан сақланинг!” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари, институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар иштирок этди.
Таъкидланганидек, гиёҳвандликка қарши курашишда идоралараро ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
– Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш долзарб масалалардан биридир,– дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси катта инспектори Дилафруз Маҳкамова. – Бошқармамиз томонидан 2022 йил ва 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 43 килограмдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, 290 дона психотроп моддалар, 1 килограмдан ортиқ кучли таъсир қилувчи моддалар ҳамда 83 минг 522 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди. Ушбу заҳри қотилларнинг савдоси билан шуғулланаётган шахсларнинг асосий қисмини 20-30 ёшдаги фуқаролар ташкил этаётган бўлса, уларнинг орасида аёллар ҳам учраб туриши ачинарлидир.
Давра суҳбатида мутахассислар ёшларни бу каби иллатлардан сақланишга чақириб, уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА