Андижон давлат университетида “Ўзмиллийбанк” АЖ “Келажакка қадам” маркази вилоят ҳудудий бўлимининг очилиши ҳамда мазкур Марказ ва вилоятдаги олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик шартномаларини имзолашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 14 февралдаги “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш мақсадида мамлакатимизда “Келажакка қадам” дастурини амалга ошириш белгиланган.

“Келажакка қадам” дастурида белгиланган вазифалар “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан ташкил этилган “Келажакка қадам” маркази томонидан олиб борилади.
Дастлаб “Ўзмиллийбанк” вакиллари, вилоятдаги олий таълим муассасалари ректорлари, мутасаддилари иштирокида Марказнинг Андижон вилоят бўлинмаси тантанали равишда очилди. Марказ раҳбари Элмурод Ҳошимов иштирокчиларга Марказнинг мақсад ва вазифалари, фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумотлар берди.

– Марказ олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишларни олиб боради, – дейди “Келажакка қадам” маркази раҳбари Элмурод Ҳошимов. – Жумладан, жойлардаги бўлинмалар билан зарурий ахборот алмашинуви йўлга қўйилади, битирувчи талабаларнинг бизнес кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқув-тренинглар ўтказади. Шунингдек, бизнес режалар тузиш, кредит ҳужжатлари тўпламини тайёрлаш бўйича маслаҳатлар берилади.

Марказ раҳбари ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари ўртасидаги музокараларда марказ фаолиятини самарали йўлга қўйиш, битирувчи босқич талабалари учун бизнес-тренинглар ташкил этиш, иш берувчилар иштирокида очиқ танловлар ўтказиш ва ғолибларга индивидуал касбий таълим дастурларини таклиф этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, битирувчиларнинг меҳнат бозорига интеграциясини таъминлаш мақсадида йирик корхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириш, талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш ва зарурат туғилганда, уларни хорижий олий таълим муассасаларидаги қисқа муддатли курсларга йўналтириш бўйича ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Шундан сўнг, “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳузуридаги “Келажакка қадам” маркази ва Андижон вилоятидаги 7 та олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Ушбу келишувлар доирасида амалга ошириладиган ишлар олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорида ўз ўрнини топишларига, касбий ривожланишларига кенг имконият яратади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.