French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажакка иқтидорли ва билимдон ёшлар билан қадам ташлаймиз
12:32 / 2021-05-26

2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили

Ҳар қандай мамлакат тараққиётини чуқур билим, кенг дунёқарашга эга ёшлар белгилаб беришини бугун ҳаётнинг ўзи исботламоқда. Шу боис юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор ва истеъдодларини намоён қилишлари учун барча шароитлар яратиб берилмоқда. Ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасигача кўтарилди.

Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади.

Бу масъулиятни ҳис этган ёшларимиз ҳам халқаро миқёсда ўтказилаётган турли танловлар ва мусобақаларда қўлга киритаётган натижалари билан исботламоқда.  

Навоий шаҳридаги 11-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари ҳам ўз билим ва эришаётган натижалари билан юртимиз тараққиётига ҳисса қўшиб келаётган ёшлар сирасига киради.

Таълим масканига қарийб 40 йиллик педагоглик тажрибасига эга Гулнора Жуманиёзова раҳбарлик қилади. Ҳозирда таълим даргоҳида фаолият олиб бораётган 194 нафар ўқитувчининг 55 нафари олий, 53 нафари биринчи ва 39 нафари иккинчи тоифали ўқитувчилардир. Шундан 38 нафари “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони соҳиби.

2011 йилдан буён таълим маскани мамлакатимиздаги мактаблар орасида комплекс рейтинг кўрсаткичлари бўйича фақат биринчи ўринни банд қилиб келмоқда. Бунга, албатта, мактабда таълим сифатини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги боис эришилмоқда.  

– Дастлаб 2005 йили “Мактаб ичра мактаб” тажрибаси йўлга қўйилди, – дейди ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Мўътабар Пўлатова. – Ўқувчилар ичидан билимдонлари суҳбат ва турли имтиҳонлар асосида танланиб, уларга чуқурлаштирилган билим берила бошланди. Шунга яраша ўқитувчилар ҳам ишга сараланиб, “минг чиғириқ”дан ўтказиб қабул қилинади. Бу тажриба аста-секин ўз сўзини айта бошлади. Мана 10 йилдирки, мактабимиз жамоаси пешқадамликни ҳеч кимга бермайди. 2014 йилда Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Энг обод таълим муассасаси” ва “Йилнинг энг яхши веб-сайти” кўрик-танловлари республика босқичи ғолиби бўлдик. 2015-2017 йилларда Халқ таълими вазирлиги ва Буюк Британия консуллиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Йилнинг энг яхши инглиз тили ўқитувчиси” кўрик-танлови ғолиби Вазира Aзимова, Aҳад Aҳмедов, Дилбар Жумаева каби ўқитувчилар Буюк Британиянинг нуфузли олий ўқув юртида малака ошириб келди. Муродбек Турниёзов “Меҳнат шуҳрати” ордени билан, Рустам Aбдиев, Муҳайё Мамуродова, Зебо Бўтаева давлатимизнинг юксак мукофоти “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Мактаб жамоаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “5 ташаббус амалда” кўрик-танловида 2 та йўналиш бўйича 1-ўринни, 3 та йўналиш бўйича 2-ўринни, “Энг китобхон мактаб” республика танловида ғолиб бўлиб, “Спарк” автомашинасини қўлга киритди.

Сўнгги йилларда ўқувчиларнинг ҳам эришаётган ютуқлари залворли. 2018 йилда “Иқтидорли ўқувчилар инновацион олимпиадаси”нинг республика босқичида 6 нафар ўқувчи 1-ўринни эгаллади. 2019 йилда 11-синф битирувчиларининг 107 нафари республика ва хорижий олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди.

Рашид Рашидов Нижний Новгородда ўтказилган “Робофест-2020” халқаро олимпиадасида муҳандислик тоифасида 70 дан ортиқ давлатдан келган ўқувчилар билим беллашувида 3-ўринни, Aбдуқодир Исмоилов ва Ирода Нарзиева Калининград шаҳрида ўтказилган халқаро математика олимпиадасида ғолибликни қўлга киритди. Улуғбек Aнваров Туркияда ўтган 10 та давлатдан ташриф буюрган 500 нафар 8 ёшли ўқувчилар иштирокида ментал арифметика бўйича ўтказилган кўрик-танловда 1-ўринни эгаллаган бўлса, Лобархон Жалолова “Йил ҳикояси” республика танловининг республика босқичида 1-ўринни эгаллади.

– Жорий ўқув йилини 122 нафар ўқувчи тамомламоқда, – М.Пўлатова. – Қувонарлиси, уларнинг 22 нафари муддатидан олдин турли хорижий ва юртимиздаги нуфузли олий таълим муассасаларининг талабаси деган номга сазовор бўлди. Албатта, мактабимизда иқтидорли ўқувчилар кўп. Уларнинг ҳар бири бир олам. 11-синф ўқувчиси Ёрқинбек Турдибоев ана шундай иқтидор соҳибларидан бири. У АКФА университети томонидан ташкил этилган 3 босқичли олимпиадада иштирок этиб, биологиядан 1-ўринни эгаллаб, 25 миллион, инглиз тилидан 5-ўринни эгаллаб, 15 миллион, математика бўйича 6-ўринни эгаллаб, 9 миллион, жами 49 миллион сўм мукофот билан тақдирланди.  

Шунингдек, Ёрқинбек АҚШнинг 8 та нуфузли университети талабаси бўлиб улгурди. Фирдавс Зарипов контракт асосида АҚШнинг 4 та олийгоҳи, Жасур Ҳамроев, Ўктам Нишонов, Азизбек Шарипов эса грант асосида Жанубий Кореянинг 3 та хорижий олийгоҳнинг талабаси бўлди.

Рашид Рашидов, Мохларойим Савриддинова ва Абдуқодир Исмоилов гарчи ҳозирда мактабнинг 10-синфида таълим олса-да, ҳозирданоқ талабалик бахтига эришиб қўйди.

– Юртбошимизнинг биз – битирувчи ёшларга йўллаган табригини қайта-қайта ўқиб чиқдим, – дейди Ё.Турдибоев. – Албатта, бизга билдирилган юксак ишончни оқлаган ҳолда юртимга, Ватанимга фойдам тегадиган фарзанд бўлишга ваъда бераман. Ўзим АКФА университетини танлаяпман. Жорий йилнинг 7 июнь куни биология, кимё ва математика фанларидан инглиз тилида имтиҳон бўлади. Ҳозирда жараёнга тайёргарлик кўраяпман.  

Эришаётган ютуқлар кўп, аммо уларга эришишнинг сири нимада? Бу саволга мактаб директори Гулнора Жуманиёзова шундай фикр билдирди.  

[gallery-2545]

– Бунда сир йўқ, барча сир китобда, – дейди устоз. – Дастлаб ўқитувчиларни китобга ошно бўлишга чақирдим. Уларга ҳар ҳафтада 2-3 тадан бадиий асар ўқиб, маъно-мазмунини ёзиб келиш топшириғини бердим. Топшириқ секин-аста одатга айланди. Ҳозир эса, мактабимизда китоб ўқимайдиган ўқитувчининг ўзи йўқ. Улар бир-бирини назорат қилади. Янги китоблар нашр қилинса, бир-бирини хабардор қилиб, китоб алмашиб ўқийди. Китоб ўқиган ўқитувчигина ўқувчилардан китоб ўқишни талаб қилиши мумкинлигини бугун ҳар бир ўқитувчимиз яхши билади.  

Албатта, китоб ўқиган кишининг дунёқараши ҳам ўзгача бўлади. Қолаверса, ўқувчиларнинг дарсликлардан ташқари берган кутилмаган саволларига кутилмаган тарзда жавоб бера олади. Бу эса устозларнинг ўқувчилар олдидаги ҳурматини ҳам оширади. Ёшлар эса устозларига қараб “қадам” ташлайди. Юрт келажагини ана шундай билимдон ва истеъдодли ёшларимиз белгилаб беради.

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА