Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Келажакка эътибор – ёшларга ғамхўрликдан бошланади
18:05 / 2026-02-25

Муносабат

Президентимизнинг Кўксарой қароргоҳида ёшлар билан бўлиб ўтган мулоқоти йигит-қизларимизнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаб, рағбатлантиришга янги имкониятлар эшигини очди. Мамлакатимизда ёш авлод камолотига берилаётган эътибор, давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораётганини намоён этди. Олий таълим муассасалари зиммасига аниқ вазифалар ва юксак масъулият юклади. 

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бугун юртимизда 22 миллиондан зиёд ёш бор. Бу улкан куч, беқиёс салоҳият ва катта имконият демакдир. Мулоқотда йигит-қизларнинг бахтли камол топиши учун ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, стартапларни молиялаштириш, илк иш ўрнига эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш, “Иккинчи имкон” тамойили асосида ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш ва халқаро рақобатбардошликни таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. 

Давлат ёшларга шароит яратмоқда. Эндиликда олий таълим муассасалари бу шароитдан натижа яратиши шарт. Олий таълим муассасаси фақат диплом берувчи тизим эмас, балки иқтисодий ўсиш, инновация ва тадбиркорлик марказига айланиши лозим. 

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида 9 минг 632 нафар бакалавр, 79 нафар магистрант ҳамда 198 нафар докторант ва мустақил тадқиқотчи таҳсил олмоқда. Талабаларга 339 нафар профессор-ўқитувчи таълим беради. Уларнинг 14 нафари фан доктори ва 126 нафар фан номзоди унвонига эга. Ўтган йил университетнинг илмий салоҳияти 41 фоизга етди. Бу йил илмий ва инновацион салоҳиятни 55 фоизга етказиш режалаштирилган.

Айни пайтда олий таълим муассасамиз “Академик ҳаракатчанлик” дастури бўйича мамлакатимизда иккинчи ўринни эгаллаб келмоқда. 16 нафар ёш тадқиқотчи илмий-инновацион фаолияти учун ғолиб, деб топилиб, ушбу йўналишга 1 миллиард 173 миллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилди. 

Мулоқотда Президентимиз томонидан илгари сурилган муҳим ташаббуслардан келиб чиқиб, биз келгусидаги устувор йўналишларимизни белгилаб олдик. Вазифамиз фақат битирувчиларга диплом бериш эмас, балки ҳар бир битирувчини меҳнат бозорида ўз ўрнига мослаштириш ҳамдир. Шу мақсадда корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириб, иш берувчилар иштирокида ўқув дастурлари такомиллаштирилади. Амалиёт жараёнлари реал ишлаб чиқариш муҳитига яқинлаштирилади. Меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, замонавий технологияларни пухта эгаллаган ва мустақил фикрлайдиган кадрлар тайёрлаш университет стратегиясининг марказий йўналиши бўлади. 

Муҳандислик ва агротехнология, хизматлар соҳаларида дуал таълим тизими кенг жорий этилади. Талабалар корхона ва агрокластерларда амалий тажриба орттириб, ўқиш даврининг ўзидаёқ касбий кўникмага эга бўлади. Университет ҳузуридаги инженерлик стартап маркази ва ёш агроинноваторлар лабораторияси фаолияти кучайтирилади. “Талаба – стартапчи” модели асосида ғояларни тижоратлаштириш йўлга қўйилади. 

Илмий ишланмалар сув тежамкор технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбалари, рақамли қишлоқ хўжалиги ва иссиқ иқлим шароитига мос агротехнологиялар бўйича амалий лойиҳаларга хизмат қилади. Талабалар тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириб, бизнес режалаштириш, молиявий саводхонлик, маркетинг ва экспорт фаолияти бўйича малака орттиради. Фақат мутахассис эмас, балки қиймат яратадиган ташаббускор мутахассисларни тарбиялайди. 

Университет 27 та давлат билан халқаро ҳамкорлик алоқасини ўрнатган. Якунланган йил 33 нафар хорижий профессор-ўқитувчи ўқув жараёнига жалб этилди. 61 ўқитувчи хорижда стажировка ўтади. 45 нафар хорижлик талаба академик мобиллик асосида таҳсил олди. Президентимиз томонидан илгари сурилган ташаббуслар доирасида халқаро ҳамкорлик ва хорижий тиллар сифати янги босқичга олиб чиқилади. Академик мобиллик дастурлари кенгайтирилади. Онлайн халқаро курслар ташкил этилиб, профессор-ўқитувчилар стажировкалари ҳажми ортади.

Спорт йўналишида ҳам юқори натижаларга эришиш белгилаб олинди. Замонавий спорт инфратузилмасини ривожлантириш орқали республика ва халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар тайёрланади. Спортга нафақат жисмоний тайёргарлик, балки интизом, матонат ва ғалабага ишонч мактаби сифатида ҳам ёндашилади. 

Мулоқотда ҳар пайшанба Ёшлар куни сифатида белгилангани университет ҳаётига янги мазмун бахш этди. Ҳар пайшанба Ёшлар кунида университетимизда очиқ мулоқотлар ўтказилади. Ҳар бир стартап ғояси тингланади. Ҳар бир муаммо ечимсиз қолмайди, ҳар бир иқтидор эътибор марказида бўлади. 

Мавриди келганда шуни айтиш лозимки, кечаги мулоқотда мен янги давр нафасини ҳис этдим. 200 миллион доллар бу рақам эмас, минглаб орзуларнинг молиявий қанотидир. “Келажак тадбиркори”, “Менинг биринчи касбим”, “Янги авлод тадбиркорлари”, “Иккинчи имкон” булар ном эмас, булар ёшлар тақдирини ўзгартириш механизмидир. Ёшларга “иккинчи имкон” берилаётган экан, демак жамият кечаги хатони эмас, эртанги имкониятни танлаяпти. Ёш оилаларга ипотека енгиллаштирилаётган экан, демак давлат уларнинг орзу-ўйини ҳимоя қилмоқда. Китобхонлик қўллаб-қувватланаётган экан, демак тафаккурга сармоя киритилмоқда. 

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети жамоаси белгиланган вазифалар ижросида фақат иштирокчи эмас, фаол ташаббускор бўлади. Университетни шунчаки дарс ўтиладиган маскан эмас, балки ғоялар ишлаб чиқариладиган лаборатория, стартаплар туғиладиган майдон, агротехнологик инновациялар синовдан ўтадиган полигон ва муҳандислик ечимлари яратиладиган марказга айлантирамиз. 

Бунинг учун университетда етарли инфратузилма ва моддий-техник база бор. “Автомобил хўжалиги” лабораторияси, қурилиш муҳандислиги лаборатория маркази барпо этилган. Ислом тараққиёт банки ва бюджет маблағлари ҳисобидан 12 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига лаборатория ускуналари харид қилинди. Робототехника йўналиши учун 1,5 миллиард сўмлик жиҳоз олинди. Бугун бизнинг талабалар орасида эртанги йирик агроинженерлар, янги авлод технологлари, катта тадбиркорлар, халқаро майдонда мамлакат номини юксалтирувчи олимлар ҳам бор. Бизда талабалар ер билан ишлайди. Аммо оддий деҳқончилик эмас, интеллектуал агротехнология билан ишлайди. Бизда талабалар механизм яратади аммо оддий техника эмас, энергия тежовчи ва рақамли ечимлар билан. Бизда талабалар бизнес бошлайди аммо шунчаки даромад учун эмас, қиймат яратиш учун. 

Яратилаётган имкониятларни чуқур ҳис этаётган талабаларимизга назаримда университет деворлари торлик қилаётганга, ёшларнинг фикри деворга сиғмаётганга ўхшайди. Чунки, улар стартаплар ҳақида гапирмоқда, агродронлар ясамоқда, сунъий интеллектни қишлоқ хўжалигига жорий этмоқда, энергия тежовчи технологиялар устида бош қотирмоқда. 

Шу кунларда вилоятдаги 114 та “оғир” маҳалла бош режаларини ишлаб чиқиш учун университетнинг 3-4 босқич талабалари, магистрантлари ва докторантларидан иборат 600 дан ортиқ ёш мутахассис саралаб олинган. Улар маҳалла инфратузилмаси ва ижтимоий ҳолатни ўрганиб, йўл ва коммуникация тармоқларини такомиллаштириш, яшил ҳудудлар, ижтимоий объектлар ва кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқди. Ҳозир шу асосда маҳаллалар инфратузилмасини янгилаш ишлари бошлаб юборилган. 

Мен бир нарсани англадим: университет ректори бўлиш лавозим эмас, авлод олдидаги қарздир. Агар битта талабанинг ғояси қўллаб-қувватланса, бу битта бизнес эмас – битта оиланинг тақдирини ўзгартиради. Агар битта ёшга “иккинчи имкон” берилса, бу битта инсон эмас – жамиятнинг адолатга ишончи тикланади. Бу фақат бир шахснинг эмас, бутун авлоднинг келажагига масъулият ва шунга муносиблик бизнинг энг улкан вазифамиздир. 

Президентимиз ишсизлик ва камбағаллик муаммоларига алоҳида эътибор қаратар эди. Энди эса ёшлар масаласи алоҳида кун тартибига қўйилди. Чунки ёшлар масаласи тўлиқ ечимини топса, бу нафақат уларнинг шахсий келажагини белгилайди, балки ишсизлик ва камбағаллик каби кенг қамровли ижтимоий муаммоларни ҳам бартараф этишда муҳим асос бўлади. Шу тарзда ёшлар масаласини ҳал қилиш бутун жамиятнинг фаровонлигига хизмат қиладиган стратегик қадамдир.  

Расул Тўраев,

Термиз давлат муҳандислик ва 

агротехнологиялар университети ректори, профессор.

ЎзА